Тадбиркорлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида
Сирдарёда “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Сирдарёда “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан ташкил этилган семинарда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшимча имтиёз ва преференциялар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мустақиллик йилларида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Буларнинг барчаси тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганидан далолат беради. Мазкур семинарни ўтказишдан мақсад ҳам тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилаётгани ҳамда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бу соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва услубий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.
Семинарда “Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг ҳуқуқий асослари”, “Адлия органларининг тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича фаолияти”, “Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.