Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов Косон туманида кичик ва ўрта бизнес субъектлари вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.
Учрашувда Косон тумани ҳокимининг ўринбосари Ҳамза Назаров иштирок этди.
Тадбир давомида солиқ қонунчилигидаги янгиликларни тадбиркорларга тушунтириш мақсадида тақдимот ўтказилди.
Мулоқотда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқларни бўлиб тўлаш, солиқ ҳисоботларини топширишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш ва бошқа масалаларга оид 20 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаати тингланди.
[gallery-24438]
Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ечими ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар юзасидан эса чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
– Мен тумандаги “Барчиной издошлари” фермер хўжалигида ҳисобчи вазифасида ишлайман. Бугунги мулоқотда ҳисобланган сув солиғига аниқлик киритиш юзасидан мурожаат қилдим. Ушбу мурожаатим юзасидан аниқ маълумотлар берилди, – дейди Алишер Файзуллаев. – Бу каби мулоқотлар кўпроқ ўтказилса, биз учун фойдали бўларди.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг тадбиркорлар билан учрашуви вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари