Тошкент шаҳар Юнусобод туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу учрашув Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ҳамда Юнусобод туман солиқ инспекциясининг масъул раҳбарлари томонидан ташкил этилди.
Тадбирда туманда фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирок этди. Мулоқот давомида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, солиқ соҳасидаги енгилликлар ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.
Жумладан, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, барқарорлик рейтинги, солиқ ҳисоботларини тўғри ва ўз вақтида топшириш, электрон ҳисобот тизими билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди ва уларни ижобий ҳал этиш чораларини кўриш бўйича режалар белгиланди.

Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда давлат органлари билан самарали ҳамкорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА