Тадбиркорга қулайлик – иқтисодиётга янги имконият
Бугун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фақат имтиёз ва енгилликлар яратиш билан чекланиб қолмаяпти. Энг муҳими, тадбиркорнинг муаммосини унинг иш жойига бориб ўрганиш, ишлаб чиқариш жараёнига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топишга қаратилган ёндашув тобора кенгаймоқда.
Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган корхоналар учун божхона жараёнларининг тезкор, шаффоф ва содда ташкил этилиши ишлаб чиқариш суръати, экспорт ҳажми ва корхонанинг рақобатбардошлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва мавжуд имкониятларни кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият юритаётган “TEKHNOCHEM” ҚК фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, ташқи иқтисодий фаолияти, хомашё импорти, тайёр маҳсулотларнинг ҳаракати, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ масалалар ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Рақамлар эса корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти кўламини яққол кўрсатади. Маълумотларга кўра, 2026 йил давомида “TEKHNOCHEM” ҚК томонидан 17 миллион АҚШ доллари қийматидаги 18 минг тонна маҳсулот импорт қилинган. Бу бир томондан, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнида импорт қилинадиган хомашё ва ресурсларнинг муҳим ўрин тутишини кўрсатса, иккинчи томондан, божхона жараёнларини янада мақбуллаштириш ишлаб чиқариш самарадорлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатади.


Шу нуқтаи назардан, ишчи гуруҳ томонидан корхона эҳтиёжлари оддий танишув доирасида эмас, балки ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичлари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида корхона томонидан импорт қилинаётган хомашёни божхона тўловлари ва расмийлаштирув жараёнларини мақбуллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, корхона фаолиятида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур механизмдан самарали фойдаланиш ишлаб чиқариш билан боғлиқ ташқи иқтисодий операцияларни янада қулай ташкил этиш, корхонанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиши мумкин.
Шунингдек, экспорт операцияларини кенгайтириш, ташқи бозорларга чиқиш географиясини ошириш ҳамда келгусида ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш орқали қўшимча қулайликлардан фойдаланиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Бу ерда эътиборли жиҳат шундаки, божхона органлари ва тадбиркор ўртасидаги мулоқот энди фақат ҳужжатларни расмийлаштириш билан чекланиб қолмаяпти. Аксинча, корхонанинг эртанги ривожи, экспорт имкониятлари ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган механизмлар биргаликда изланмоқда.
Учрашувда корхона ҳудудида божхона омбори ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу йўналишдаги имкониятлар, белгиланган талаблар ва амалга оширилиши лозим бўлган тартиб-таомиллар юзасидан тадбиркорларга зарур тушунтиришлар берилди.
Божхона омборини ташкил этиш масаласининг ўрганилаётгани ҳам корхонанинг ташқи иқтисодий операцияларини янада тизимли ташкил этишга қаратилган амалий қадамлардан бири сифатида аҳамиятлидир.
Зеро, ишлаб чиқариш корхонаси учун вақт бу ҳам ресурс, ҳам маблағ. Хомашёнинг ўз вақтида кириб келиши, унинг расмийлаштируви тезкор амалга оширилиши ва тайёр маҳсулотнинг ташқи бозорга ортиқча тўсиқларсиз чиқарилиши корхона иқтисодий самарадорлигига бевосита таъсир қилади.
Мулоқотда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган янги имкониятлар, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиёт ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотлар доирасида божхона соҳасида жорий этилаётган енгиллик ва соддалаштирилган тартиблар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.


Жумладан, давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларида билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида қабул қилинган фармонлар билан белгиланган янги имкониятларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Бу ҳужжатларнинг аҳамияти шундаки, улар тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини енгиллаштириш, ортиқча маъмурий жараёнларни қисқартириш, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар қоғоздаги қоида бўлиб қолмасдан, жойларда тадбиркорга етказилмоқда. “TEKHNOCHEM” ҚКда ўтказилган учрашув ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Бугун бир корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ошиши ортида янги иш ўринлари, кўпроқ солиқ тушумлари, маҳаллий хомашёга талаб, янги технологиялар ва энг муҳими, экспорт тушумлари кўпайиши каби бир қатор иқтисодий самаралар мужассам.
Шу маънода, божхона жараёнларини соддалаштириш масаласи тор соҳавий вазифа эмас. Унинг замирида корхоналарни ривожлантириш, уларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтиришдек катта мақсадлар мужассам.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишга кўмаклашишга қаратилган бундай мулоқотлар эса ислоҳотларнинг ҳаётий мазмунини янада намоён этмоқда.
Зеро, тадбиркорга берилган ҳар бир қулайлик – янги ишлаб чиқариш, ҳар бир енгиллик – янги имконият, ҳар бир экспорт шартномаси эса мамлакат иқтисодиётига қўшилган янги ҳиссадир.
“TEKHNOCHEM” мисолидаги каби манзилли ёндашувлар тадбиркорнинг бугунги муаммосини ҳал этиш билан бирга, унинг эртанги имкониятларини ҳам кенгайтиради. Бу эса “тадбиркор бойиса – давлат ҳам бойийди” деган ҳаётий ҳақиқатнинг амалдаги ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири