Тадбиркор аёллар учун семинар
Бухоро шаҳрида Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида тадбиркор аёллар учун уч кунлик ўқув-семинар ташкил этилди. Ушбу тадбир хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларни ташқи иқтисодий фаолиятга кенг жалб этиш ҳамда замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашга қаратилди.
Семинарда 50 нафардан ортиқ тадбиркор аёллар фаол иштирок этди. Машғулотлар давомида иштирокчилар божхона тартиб-таомиллари, ташқи иқтисодий фаолиятнинг муҳим жиҳатлари ҳамда халқаро савдо жараёнларига оид билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди. Шунингдек, мутахассислар томонидан уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, амалий кўникмалари бойитилди.

Ўқув машғулотларида юк операцияларини рақамлаштириш, ваколатли иқтисодий операторлар учун жорий этилган соддалаштирилган тартиблар, товарларни қайта ишлаш жараёнлари ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари кенг ёритилди. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркор аёллар учун маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича муҳим тавсия ва йўналишлар берилди.

Тадбир доирасида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Тадбиркор аёллар клуби” раҳбари, Ўзбекистон “Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар” бирлашмаси бошқарув раиси Мамлакат Содиқова ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида тўхталди.

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 март куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида 166 минг нафар хотин-қизни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилгани таъкидлангани бежиз эмас. Бу ташаббус аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Шу мақсадда божхона тизимида ҳам гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда, — деди у.
Семинар якунида барча фаол иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири