Табиий офатдан ҳеч ким ҳимояланмаган
Туркия ва бошқа давлатлар ҳудудларида содир бўлган зилзила инсоният фавқулодда ҳолатлардан тўла ҳимояланмагани, бу каби кутилмаган вазият ҳар бир минтақада юзага келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.
Ушбу воқеалар ортидан юртдошларимизда ҳам мамлакатимизда ер силкиниши кузатилмайдими, яна аномал совуқ ёки сел, кўчки ҳодисалари пайдо бўлмайдими, деган саволлар туғилди.

Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасидан маълум қилишларича, вилоятда фавқулодда вазиятлар ва хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, геологик жараёнлар, сув тошқинлари ва кўчкиларнинг олдини олиш бўйича махсус штаб фаолият кўрсатмоқда. Штаб ихтиёрида 500 дан ортиқ турли хил техникалар мавжуд, шунингдек, тажрибали ходимлардан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилган. Бошқарма мутахассислари вилоят гидрометеорология, экология ва геология хизматлари ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

– Ҳозирча бизда зилзила хавфи йўқ. Аммо ҳаволар исиши билан қорларнинг эриши ва яқин ойларда кутилаётган кучли ёмғирлар сабабли сув оқими кўпайиши мумкин, – дейди Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Илҳом Исмоилов. – Шу муносабат билан аҳоли пунктларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, сув тошқинлари оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, муассаса ва ташкилотлар билан бирга зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундан ташқари, баҳор фаслида кучли шамоллар юзага келиши мумкинлиги инобатга олиниб, электр узатиш ва алоқа тармоқлари яқини дарахт шохларидан тозаланмоқда. Тоғли ва тоғолди, сел ва сув тошқини содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли огоҳлантирилиб, фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш юзасидан уларга зарур тушунча берилмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги сел ва кўчки хавфи бўлган ҳудудларда бошқарма томонидан 17 та кузатув пости ташкил этилган. Кейинги йилларда кўчки хавфи юқори бўлган яна 6 та объект (булар асосан Ургут тумани ва Самарқанд шаҳрида) аниқланиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ўтган йил Ургут туманидаги сел оқими хавфи мавжуд тўрт маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли бошқа жойга кўчирилиб, сойларни мустаҳкамлаш орқали уларнинг хавфсизлиги таъминланди. Бундан ташқари, “Самарқанд – Китоб” автомобил йўлида – Тахтиқорача довонида қор кўчкиси ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, бундай вазият юзага келганда тезкор бартараф этиш учун бошқарма томонидан мазкур объектга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ердаги кузатув-назорат постларида доимий назорат ўрнатилган.


Шаҳар ва туманлар ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё, сой ва каналлар тубини тозалаш, қирғоқ ва тўғонларни мустаҳкамлаш мақсадида кейинги уч йил давомида 52 та махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилди. Ушбу тадбирларга 3229 нафар шахсий таркиб ва 866 та махсус техника жалб қилиниб, 17431 метр қазиш, 17936 п/м. тозалаш ишлари бажарилди. Шунингдек, етти туманда республика бюджети маблағлари ҳисобидан 18 та объектда қирғоқларни мустаҳкамлаш, тўғонларни қуриш, иншоотларни таъмирлаш ва бошқа муҳандислик-техник тадбирлари амалга оширилди. Албатта, бу ишлар фавқулодда вазиятлар тизими идоралари ва ходимларининг доимий эътиборидаги юмушлар. Ўз навбатида фуқаролар ҳам ҳар бир табиат ҳодисаси ва кутилмаган фавқулодда вазиятлар чоғида қандай ҳаракатланиш тўғрисида хабардор бўлиб, шунга монанд ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА