Суюлтирилган газ таъминоти ва етказиб бериш жараёнлари ўрганилмоқда
Бугунги кунда юртимизда мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйган ҳолда суюлтирилган газни аҳолига ўз вақтида етарли миқдорда бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этган ҳолда етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 12 сентябрдаги “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори дастуруламал вазифани бажармоқда. Ушбу қарор асосида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш, мазкур фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азат Тасбаев ҳамда “LPG-Trade” МЧЖ раҳбари Жамшид Муҳаммедов иштирокида мазкур янги тизим фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ҳудудларда суюлтирилган газ таъминоти ва етказиб бериш жараёнларини назорат қилиш мақсадида жойларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида бўлиб ўтган ўрганиш ишларида газ таъминоти электрон дастури орқали вилоятда суюлтирилган газ таъминоти ва унинг аҳолига етказилиши, даврийлиги кўздан кечирилди.
Бугунги кунда вилоятда 107 минг 113 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Маиший газ баллон етказиш учун эса жами 27 та махсус техникалар жалб этилган.

Ўрганиш давомида истеъмолчиларга белгиланган муддатдан кечиктирилмай, ўз вақтида маиший газ баллон етказиш ва мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этилишини таъминлаш, бунда шаффофликка амал қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларга суюлтирилган газ етказишда техникалар созлигига алоҳида эътибор қаратиш ва бу борадаги ишларни ўз вақтида амалга ошириш барқарор таъминотга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга суюлтирилган газ таъминотида коррупция ҳолатларга йўл қўймаслик, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда аҳолига маиший газ баллонларни ўз муддатида сифатли етказиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири