Суюлтирилган газ ўз вақтида етказилмоқда
Нурота тумани Навоий вилоятининг чекка туманларидан бири бўлиб, айрим ҳудудлари вилоят марказидан 200-250 километргача узоқликда жойлашган. Туманда 31 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли суюлтирилган газ истеъмолчиси ҳисобланади.
“Нуротатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан режа-жадвал асосида ҳар 35-40 кунда истеъмолчиларга маиший газ баллонлар етказиб берилади. Шунингдек, суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича эслатмалар ҳам мавжуд. Бу бекорга эмас. Маиший газ баллонни сақлаш ва ўрнатишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик турли кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда тумангаз газ таъминоти бўлими меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар кесимида доимий профилактик тадбирлар, тушунтириш ишларини олиб боради.

– Июнь ойининг шу кунига қадар туман аҳолисига 100 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилди, – дейди тумангаз газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Аслиддин Сайфиддинов. – Истеъмолчиларни маиший газ баллон етказиш билан боғлиқ мурожаатларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида доимий сайёр қабуллар ҳам ўтказиб келинмоқда. Ўтказилаётган тадбирларда аҳолига газ баллондан хавфсиз фойдаланиш қоидалари эслатиб ўтилмоқда.

Нурфахр маҳалласи туман марказига яқин манзилда жойлашган. Беш юздан ортиқроқ суюлтирилган газ истеъмолчисига эга маҳаллада ҳам газ таъминоти бўлими томонидан аҳолига маиший газ баллонлар етказилиши билан бирга газ баллондан тўғри фойдаланиш юзасидан мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинади.

– Маҳалламизга маиший газ баллонлар белгиланган муддатларда етказиб берилмоқда, – дейди ушбу маҳаллада яшовчи истеъмолчилардан бири Зафар Тошпўлатов. – Газ таъминоти ходимлари газ баллонларни қуёш нури тушадиган жойлар, ертўла, кириш йўлакларида сақламаслик бўйича тушунтириш беришяпти. Биз эса ўз навбатида улар айтган хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда суюлтирилган газдан фойдаланиб келяпмиз.
Маҳаллада ҳамкор ташкилотлар иштирокида хонадонма-хонадон юрилиб ўтказилган тарғибот тадбирларида газ баллондан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг келтириб чиқарадиган салбий оқибатлари ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилмоқда.
Туманда бу борадаги тарғибот ишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири