Сув тежовчи технологиялар бўйича Сингапур тажрибаси ўрганилади
Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш учун Қишлоқ хўжалигида кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Сингапур компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолади. Бу лойиҳа фермерларнинг замонавий суғориш усуллари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни, жумладан томчилатиб суғоришни жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор муҳим Президент қарорлари қабул қилинган. Жумладан, 2026 йил 5 февралдаги «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга кўра, 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларни 3,5 миллион гектарга етказиш белгиланган бўлиб, шундан 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш мақсад қилинган.

Албатта, ушбу мақсадларга эришиш осон бўлмайди. Бунинг учун энг аввало соҳа вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш, томчилатиб суғориш тизимларининг аҳамиятини уларга тушунтириш муҳим.
Бу йўналишда Қишлоқ хўжалигида кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Сингапурнинг “Rivulis Irrigation” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш ва фермерларнинг замонавий агротехнологиялар бўйича амалий билимларини ошириш тизимли йўлга қўйилади. Айтиш керакки, мазкур хорижий компания бу йўналишда 50 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, машғулотларга тажрибали хорижлик мутахассислар жалб қилинади.

Келишув доирасида институт ҳудудида сабзавот, картошка, иссиқхона, мева боғлари ва резавор экинлар йўналишларида 5 та кўргазмали-амалий майдон ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу майдонларда сув тежовчи суғориш тизимлари намойиш этилиб, мутахассислар учун ўқув ва амалий машғулотлар ташкил этилади.
Натижада фермерлар илғор суғориш усулларини амалда ўрганиш, сув сарфини мақбуллаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш самарадорлигини ошириш бўйича зарур кўникмаларга эга бўладилар.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА