Сув таъминотида молиявий билимлар маркази очилди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда сув ресурсларини миллий бошқариш» лойиҳаси доирасида «Сув таъминоти ва санитариянинг молиявий жиҳатлари» мавзусида ўқув-тренинг курсига старт берилди.
Мазкур тренинг сув таъминоти ва санитария соҳасида молиявий бошқарувни такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда тизимларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда соҳада инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда уни самарали бошқариш, харажатларни тўғри режалаштириш, иқтисодий асосланган тарифларни жорий этиш ва молиявий интизомни кучайтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мазкур тренинг соҳадаги мавжуд муаммоларга амалий ечим топишга хизмат қиладиган муҳим платформа сифатида ташкил этилди.
Тренинг очилиш маросимида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева иштирок этиб, мамлакатимизда аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.

–Ичимлик суви таъминоти тизимининг барқарор ишлаши, аввало молиявий бошқарув самарадорлигига боғлиқ, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. – Шу боис, бу каби ўқув-тренинглар орқали мутахассисларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, жойларда самарали ва шаффоф бошқарувни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Тренингда вазирлик тизими ходимлари, шунингдек, давлат ижтимоий буюртмалари асосида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Беш кун давом этадиган ўқув курси доирасида иштирокчиларга назарий билимлар билан бир қаторда, амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Дарслар давомида реал кейслар таҳлили, гуруҳли машғулотлар, молиявий ҳисоб-китоблар бўйича амалий машқлар ҳамда тажриба алмашиш сессиялари ўтказилади.

Сув ресурсларини интеграл бошқариш асослари ва WASH соҳасида унинг қўлланилиши, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувлар соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база, коммунал хизматларда молиявий механизмлар ва тариф сиёсати, тарифларни ҳисоблаш усуллари ва молиявий барқарорликни таъминлаш, сув истеъмолини ҳисобга олиш ва ресурсларни самарали бошқариш, сув таъминоти тизимларини эксплуатация қилиш ва техник йўқотишларни камайтириш кўзда тутилган.

Тренинг давомида иштирокчилар нафақат янги билимларга эга бўлади, балки ўз иш фаолиятида қўллаш мумкин бўлган аниқ амалий ечимлар ва ёндашувларни ҳам ўзлаштиради.
Ўқув курси якунида иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланади. Мазкур тадбир сув таъминоти ва санитария соҳасида мутахассисларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, хизматлар сифатини ошириш ва барқарор молиявий механизмларни шакллантиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА