Сут ва тухум маҳсулотлари бўйича эҳтиёж тўлиқ ўзимизда қопланмоқда (+видео)
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш, ветеринария хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш ва яйлов ерларидан самарали фойдаланиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида”ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов жавоб берди.
Вазир ахборотида таъкидланганидек, чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2025 йилда чорвачилик маҳсулотларининг ялпи қишлоқ хўжалигидаги улуши 53 фоизни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 4,1 баробар ўсган.
Наслчиликни яхшилаш учун хориждан 217 минг бош қорамол ва 282 минг бош қўй-эчки олиб келинди. Жумладан, Мўғулистондан 100 минг бошдан ортиқ “Баят” зотли қўйлар импорт қилиниб, парвариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда хўжаликларда 13 миллион 565 минг бош қорамол, 24 миллион 47 минг бош қўй-эчки ҳамда 97 миллион 932 минг бош парранда мавжуд.
2025 йилда республика бўйича қарийб 3 миллион тонна гўшт, 12,6 миллион тонна сут ва 9,5 млрд. дона тухум ишлаб чиқарилган. Шунингдек, ички бозорда гўшт нархини барқарорлаштириш мақсадида жорий йилда 87,4 минг тонна гўшт импорт қилиниб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 28 фоизга ошган. Покистон, Ҳиндистон ва Беларусдан гўшт маҳсулотларини тезкор етказиб бериш йўлга қўйилган.
“Ҳукумат соати”да маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилаётган сут ва тухум маҳсулотлари ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб бераётгани алоҳида таъкидланди.
Ветеринария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эса республиканинг буфер ҳудудларидаги 82 та туманда 8 млн. бошдан ортиқ чорва моллари, 14 млн. бошдан зиёд паррандалар юқумли касалликларга қарши профилактик эмланган.
Яйлов хўжалигини ривожлантириш борасида жами 15,8 миллион гектар яйлов хатловдан ўтказилиб, уларнинг рақамли хариталари яратилган. 5 миллион гектардан зиёд яйлов майдонлари чорвачилик субъектларига тўғридан-тўғри ижарага берилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар чорвачиликда озуқа базаси, наслчилик, қайта ишлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, ички бозорда гўшт ва сут маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш, ветеринария хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар улушини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Халқ вакиллари томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Хусусан, маҳаллий бозорларимизда гўшт нархларининг ошиб бораётгани, бунинг сабаб ва омиллари, шунингдек, қушхоналарда санитария талабларига қай даражада эътибор қаратилаётгани каби бир қатор масалалар кўтарилди.
Депутатларнинг саволларига тегишли жавоблар қайтарилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4R2VD8eUg4E" title="Sut va tuxum mahsulotlari bo`yicha ehtiyoj to`liq o`zimizda qoplanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА