Сурхондарёлик шифокорлар шарафланди
Термиз шаҳридаги “Муҳташам” тантаналар саройида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Президентимизнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг барча қатлами, шу жумладан, узоқ қишлоқ одамларига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда. Шу мақсадда сўнгги йилларда соҳани янги босқичда ривожлантиришга қаратилган юздан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжат қабул қилинди.


Тизимда юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар Сурхондарё вилоятида ҳам яққол кўзга ташланиб, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Хусусан, воҳада муҳим муаммога айланган малакали кадрлар масаласини ҳал этиш учун Термиз шаҳрида Тиббиёт академиясининг филиали ташкил этилди. Тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, янги тиббиёт муассасаларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириб, аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эътибор кучайтирилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 15 дан ортиқ оилавий шифокорлик пункти, поликлиника, олис ва чекка ҳудудларда 60 дан зиёд маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб,бирламчи тиббий хизматга қўшимча яна 200 мингга яқин аҳолини қамраб олиш имконияти яратилди. Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари барпо этилиши ҳисобига 84 мингга яқин бемор шифохонага бормасдан, бевосита ўзи яшаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.


–Соҳага қаратилаётган юксак эътибор пойтахтдан олисдаги воҳамиз аҳолиси учун кўплаб янги қулайликларни яратмоқда,–дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов.–Бунга юрак, буйрак касалликлари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари ҳудуднинг ўзида бажарилаётгани ҳам яққол далилдир. Ваҳоланки, бундан беш-олти йил муқаддам шу касалликларга чалинган беморлар мамлакатимиз пойтахти ёки хорижда даволанишга мажбур эди. Касалликларни эрта аниқлаб, даволаш учун республикамиздаги энг юқори малакали шифокорлар, олим ва мутахассислар бевосита ҳудудларга келиб, тиббий кўриклар ташкил этиши ҳамда оғир хасталиклардан азият чекаётган беморларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиши ҳам ажойиб анъанага айланди. Бу йил ҳам жойларда ўтказилган саломатлик акцияларида 7 минг киши амбулатор ва 2,5 минг киши стационар шароитда соғломлаштирилди.

Президентимиз фармонига мувофиқ, саломатлигимиз посбонлари байрами муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган фидойи ходимлар сафида уч нафар сурхондарёлик ҳам бор.
Тадбирда вилоят ҳокими уларга давлат мукофотлари ва вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини тантанали топширди.
–Камтарона хизматларим давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилганидан бошим осмонга етгудек бўлди,–дейди Сариосиё туманидаги “Гулистон” оилавий шифокорлик пунктининг “Карш” тоғли ҳудуди патронаж фельдшери, “Дўстлик” ордени соҳиби Аҳмад Бердинев.– Бу мукофот мени халқимизга янада сифатли хизмат кўрсатиб, ёшу кексанинг саломатлигини туну кун муҳофаза қилишга ундайди. Қишлоғимиз туман марказидан 80 километр олисда, тоғлар қўйнида жойлашган. Юз хонадонда 480 киши яшайди. Тиббий пунктимизда бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Бунинг учун ҳам давлатимиздан беҳад миннатдормиз.


Тантанали тадбирда тизимда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири