Сурхондарёлик пиллакорлар ҳам зафар қучди
Сурхондарё вилояти пиллакорлари 1 минг 715 тоннадан ортиқ “кумуш тола” тайёрлаб, шартнома мажбуриятини бажарди.
Пиллакорлар маҳаллий иқлимга мос, серҳосил касалликларга чидамли 30 минг 572 қути ипак қурти уруғини парваришлаб, ўртача ҳосилдорликни 56,1 килограммга етказди. Етиштирилган ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди.
Президентимиз ғояси билан пиллачилик тармоғининг комплекс ривожлантирилаётгани соҳани сердаромад тармоққа айлантириб, ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Баҳорги пилла етиштириш мавсумида юксак уюшқоқлик ва интизом билан меҳнат қилингани, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва соҳа мутахассисларининг ўзаро ҳамкорликда амалга оширган ишлари ҳамда озуқа базасининг мустаҳкамланиб бораётгани ўз самарасини берди. Эришилган бу муваффақиятга вилоятнинг, айниқса, Шўрчи, Бандихон, Денов туманлари пиллакорлари муносиб улуш қўшди.
Шўрчи туманидан “Қаршиев Илёс”, “Турдимурод”, “Рўзи Мамараимов”, Бандихон туманидан “Содиқбобо”, “Кўксой обод”, “Барака ёрлиқ”, Денов туманидан “Абдулхошим Лазиз”, “Маматмўмин Чориёр”, “Исомиддин Шаҳобиддин” каби кўплаб фермер хўжаликлари пилла етиштириш бўйича шартномавий режаларини 110 фоизга ошириб бажарди.
Вилоятда қабул пунктларига пилла ҳосилини топшириш давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА