Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимов таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, вилоят ижодкорлари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саидов ва бошқалар ардоқли шоирни муборак 75 ёши билан самимий табриклаб, Усмон Азим шоир, драматург, кинодраматург, таржимон ва носир сифатида кенг жамоатчилик қалбидан чуқур жой олганини таъкидлади. Унинг тўпламларига кирган шеър ва достонлар гўзал ҳис-туйғуларга бойлиги, жозибадор, шиддаткор, жўшқин ва даъваткорлиги билан ўқувчиларга манзур бўлаётгани, бир қарасангиз беғубор, баъзида ғамгин эркалайдиган оҳанглари китобхон қалбида беихтиёр ҳис-ҳаяжон туйғуларини уйғотиши ҳақида фикр юритди. Шоир ижодида юртимиз гўзаллиги, халқимиз руҳи ва миллий қадриятларимиз чуқур ифодалангани, инсонпарварлик, Ватанга муҳаббат ва инсон шаънини улуғлаш ғоялари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Санъаткорлар Усмон Азим шеърлари асосида яратилган қўшиқларни ижро этди. Шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги видеоролик, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклидан парчалар намойиш этилди.
Вилоятда атоқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган адабий-маънавий учрашув ва ижодий кечалар давом этмоқда. Эртага шоир таваллуд топган Бойсун туманида ҳам қизиқарли лаҳзаларга бой бўладиган маънавий-маърифий тадбир ўтказиш режалаштирилган.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири