Қонун ва ижро
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Бандихон туманида тўрт нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган эгалик ҳуқуқи эътироф этилди.
Ўтган йил 8 ноябрдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ воҳа маҳаллаларида хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда 2028 йил 1 январгача амал қиладиган мазкур қонун жойларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Бунда якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса барча ҳудудларда 0,24 гектардан кўп бўлмаган ўлчамда, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан кўп бўлмаган ўлчамда эътироф этилиши кўзда тутилган.
Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Беҳруз Сафаровдан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 724 маҳалла мавжуд. Қонун расман кучга кирганидан бошлаб, жорий йил якунигача 194 маҳаллада хатлов ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу ишни тез, сифатли ва аниқ бажариш учун вилоятда 150 га яқин малакали кадастр муҳандиси жалб этилган.
– Вилоятда 608 минг 8 та кўчмас мулк объекти мавжуд, – дейди Б.Сафаров. – Уларнинг 652 минг 584 таси турар-жой ва 45 минг 424 таси нотурар жой иншоотларидир. Шу пайтгача белгиланган режа асосида воҳадаги 50 дан ортиқ маҳаллада 13 минг 603 та хонадон хатловдан ўтказилиб, 6 минг 680 таси “Эътироф” электрон ахборот дастурига киритилди. Эндиликда мазкур объектлар тегишли ташкилотлар хулосаси асосида жамоатчиликка эълон қилинади.
Қонунга мувофиқ хатлов натижалари бўйича ҳар бир объект тўғрисидаги маълумот рақамлаштирилгач, 20 дан ортиқ вазирлик ва идора белгиланган муддатда кўриб чиқади. Жамоатчиликка эълон қилинган объектлар кадастр расмий сайтида ва вилоятнинг ижтимоий тармоқдаги манзилларида ёритиб борилади. Шунингдек, “Эътироф” дастури ҳам аҳоли учун очиқ бўлиб, фуқаролар ўзларига тегишли бўлган объект тўғрисидаги маълумотларни бемалол кўриш имконияти яратилган.
– Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, – дея суҳбатни давом эттиради Беҳруз Сафаров. – Жорий йил режа-жадвалига тушмаган айрим маҳаллалар аҳолиси ортиқча эҳтирос ва ваҳимага берилмасликларини тавсия этамиз. Чунки, қонуннинг ижро муддати уч йил бўлиб, шу муддатда барча ер участкалари ва бино-иншоотлар хатловдан ўтказилади. Муҳим бу жараёнда аҳоли фаоллик кўрсатиб, кадастр муҳандисларга ўлчовларни амалга ошириши учун зарур шароитларни яратиб беришга кўмаклашишларини тавсия этамиз.
Шу кунларда ҳам кадастр муҳандислари Термиз шаҳри ва барча туманларда режадаги 15 та маҳаллада хатлов ишларини олиб бормоқда.
Вилоятда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ва уларда қурилган бино-иншоотларга эгалик ҳуқуқи эътироф этилган илк фуқаролар Бандихон туманидаги Гулбоғ кўчасида яшайди.
Мамлакатимизда аҳолининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ва уларда қурилган бино-иншоотларга эгалик ҳуқуқи қонунийлаштирилаётгани аҳолининг уй-жойга доир ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаб, уларга тегишли турар-жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири