Тошкент вилоятида икки кун давомида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 30 дан ортиқ журналист, блогер ва муҳаррирлар иштирокида суриштирув журналистикаси бўйича интенсив семинар ташкил этилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг қўллови билан ўтказилди.
Семинар дастурига суриштирувни режалаштириш, манбаларни текшириш, инсайдерлар ҳамда очиқ маълумотлардан самарали фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари киритилди. Иштирокчилар рақамли хавфсизлик кўникмаларини амалда қўллаш билан бирга, журналистикада сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва хавф-хатарларни ҳам муҳокама қилишди. Шунингдек, коррупция масалаларини ёритишда гендер ёндашувларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунларига кўра, иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, ўзларининг суриштирув лойиҳаларини ишлаб чиқди ва тақдим этди.
Бу семинар Европа Иттифоқи кўмагида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, у мамлакат бўйлаб журналистлар ва блогерлар ўртасида ўтказилган сўровноманинг натижаларига асосланди. Сўровноманинг мақсади оммавий ахборот воситалари мутахассислари ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга самарали суриштирувлар ўтказиш учун зарур билим ҳамда кўникмаларни белгилаш эди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон журналистлари учун ҳуқуқий саводхонлик (77%), манбаларни текшириш (71%) ва материалларни холис ёритиш (64%) устувор аҳамиятга эга эканлиги аниқланди. Бироқ кўпчилик сўровнома иштирокчилари таҳририятларнинг суриштирув ишлари етарлича қўллаб-қувватланмаётганини қайд этишди.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида иштирокчилар соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил қилди, рақамли хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди ва суриштирувларни таҳририят томонидан кўпроқ қўллаб-қувватлаш йўлларини излади. Шунингдек, журналистлар суриштирувларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, материаллар бўйича нашрдан олдин ҳуқуқий маслаҳат олиш, маълумотлар ва мулоқотларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш, коррупцияга алоқадор мансабдор шахслар томонидан босим ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қиз журналистларни шантаж ва таъқиблардан ҳимоя қилиш бўйича махсус чоралар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.
Иштирокчиларга қонунларни пухта ўрганиш, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиш, ҳимояланган алоқа каналларидан фойдаланиш ҳамда манбаларнинг махфийлигини сақлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Ушбу тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган, Европа Иттифоқи маблағлари билан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири