Суратда эмас, сийратда намуна: Хонқадаги янги мажмуа ҳайдовчилик маданиятини юксалтиради
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадрини улуғлаш ва халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Биз учун битта иш ўрни яратган тадбиркор — энг катта қаҳрамондир”. Шу нуқтаи назардан, ҳудудларда нафақат ишлаб чиқариш, балки замонавий таълим ва хизмат кўрсатиш масканларини ташкил этиш аҳоли фаровонлигининг муҳим пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Хоразм вилояти Хонқа тумани ҳокими мутасадди раҳбарлар билан биргаликда “Гулистон” маҳалласидаги “Хонқа Намуна” автомактаби фаолияти билан танишар экан, бу ерда яратилган шароитлар замирида айнан мана шундай эзгу мақсад — таълим ва бандликни уйғунлаштириш ғояси мужассам эканига алоҳида эътибор қаратди.

Ташриф давомида автомактабда яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Президентимизнинг “Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан, ўрганмасдан олиш — бу инсонни ўлимга ҳукм чиқариш билан баробардир”, деган қатъий огоҳлантиришлари бугун соҳа мутасаддилари ва тадбиркорлар учун асосий мезонга айланган.

“Хонқа Намуна” автомактабида йўлга қўйилган жаҳон стандартларидаги автодром ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланган ўқув хоналари айнан сифатли таълим бериш, йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва ҳайдовчилик маданиятини тубдан яхшилашга хизмат қилади. Муассасада 80 та янги иш ўрни яратилгани эса маҳалла аҳлининг бандлигини таъминлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Якунда таъкидлаш жоизки, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида сифатли таълим бериш — инсон ҳаётини асраш билан баробардир. Давлатимиз раҳбарининг: “Таълимга тикилган сармоя — келажакка тикилган энг фойдали сармоядир”, деган сўзлари ушбу маскан мисолида ўз тасдиғини топмоқда.
Туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар томонидан муассасадаги шарт-шароитлар юқори баҳоланиб, келгусида бу каби масканлар профессионал ҳайдовчиларни тайёрлашда асосий бўғин бўлиши кераклиги қайд этилди. Зеро, замонавий билим ва юксак техника билан қуролланган ёш ҳайдовчилар эртага йўлларимиздаги хавфсизлик ва тартибнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади.

Ташриф давомида берилган таклиф ва тавсиялар ушбу муассасанинг нафақат туман, балки вилоят миқёсида намунали марказга айланишига замин яратди.
М.Насриева,
ЎзА