Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тур учрашувлари доирасида “Сўғдиёна” – “Бухоро”, “Нефтчи” – “Шўртан” жамоалари рақобатлашди.
Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ўтказилган "Нефтчи" – "Шўртан" баҳсида Боян Сигер, Жамшид Искандеров, Иброҳимҳалил Йўлдошев ва Билолхон Тошмирзаевнинг голлари эвазига 4:0 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонди. Шунингдек, “Сўғдиёна” – “Бухоро” учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Мазкур натижалардан сўнг, "Нефтчи" ҳисобидаги очколар сони 19 тага етди. Суперлига аутсайдерлари “Сўғдиёна” 9, “Бухоро” 8 очкога эга чиққан бўлса, “Шўртан” 5 очко билан қолди.

Бугун, 25 май куни “Навбаҳор” – “Қўқон-1912”, “Пахтакор” – “Хоразм”, “Динамо” – “Қизилқум” жамоалари ўзаро куч синашади.
Миллий чемпионатларимиз тарихида “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” жамоалари шу кунга қадар жами 34 марта тўқнаш келган бўлиб, “Навбаҳор” ушбу учрашувларнинг 18 тасида ғалаба қозонган. “Қўқон-1912” клуби эса 8 та ўйинда зафар қучган бўлса, қолган 8 та ўйин дуранг натижа билан якунланган. Тўплар нисбатидаги устунлик “лочинлар” томонида – 63/37. Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон - 1912” учрашуви Намангандаги “Марказий” стадионида соат 18:45 да старт олади.

Дарвоқе, бугунги баҳсларнинг яна бирида "Пахтакор" ва "Хоразм" жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Ўйин 20:00да "Жар" стадионида бошланади. Мазкур жамоалар ушбу учрашувга қадар жами 16 маротаба ўзаро куч синашган. “Пахтакор” мазкур беллашувларнинг 11 тасида ғалабага эришган бўлса, 2 та учрашувда “Хоразм”нинг қўли баланд келган. 3 та ўйин эса дуранг билан якунланган. Пойтахтимиз клуби хоразмликлар дарвозасини 34 бора ишғол этиб, ўз дарвозасидан 10 тўп ўтказиб юборган. Бу жамоаларнинг сўнгги ўйини 2010 йил бўлиб ўтган ва унда "Пахтакор" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА