Суперлига: Бугун “ўзбек классикоси” бўлади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур учрашувлари бугун якунланади. Чемпионатнинг сўнгги кунида икки ўйин бўлиб ўтади. "Нефтчи" - "Пахтакор", "Бухоро" - "Қизилқум" клублари ўртасидаги баҳслар соат 19:00 да бошланади.
Шу ўринда нафақат турнинг, балки Суперлига биринчи даврасининг марказий ўйини дея баҳоланаётган "Нефтчи" ва "Пахтакор" жамоалари тўқнашуви олдидан клубларнинг ўзаро ўйинлар статистикасини эътиборингизга ҳавол қиламиз.

Жамоалар чемпионатлар тарихида бугунга қадар 62 та ўйин ўтказган. Уларнинг 30 тасида "Пахтакор", 22 тасида “Нефтчи” ғалаба қозонган. Қолган 10 та учрашув дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 103/71 - пойтахт клуби фойдасига. Ўйинларда "Пахтакор" 11 бор рақибни йирик ҳисобда доғда қолдирган бўлса, "Нефтчи"да бундай ғалабалар сони учтани ташкил қилади. "Шерлар"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, фарғоналикларники эса 4:0 ҳисобланади. Суперлиганинг ўтган мавсумида “Пахтакор” икки учрашувда сафарда 4:0, ўз майдонида 2:1 ҳисобида зафар қучган.

Айни дамда “Нефтчи” 15 очко билан лига жадвалида карвонбоши бўлиб турган бўлса, “Пахтакор” ҳисобида 12 очко мавжуд.
Дарвоқе, куни кеча Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” ҳамда “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Дастлаб учрашувнинг 55-дақиқасида “Насаф” футболчиси Бобур Абдухолиқов ҳисобни очган бўлса, 88-дақиқада эса мезбонлар футболчиси Тома Табатадзе пенальтидан гол киритиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Айнан ушбу пенальти сабаб учрашувда бироз тартибсизлик бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 78-дақиқасида бош ҳакам Рустам Лутфуллин томонидан “Насаф” жамоаси дарвозаси томон пенальти белгиланган эди. Бу меҳмон жамоа ўйинчилари ҳамда бош мураббий Рўзиқул Бердиев томонидан эътирозга сабаб бўлди.
Ўйин якунидан сўнг, бу эпизод Эксперт ҳакамлар гуруҳи томонидан батафсил ўрганиб чиқилди. Унга кўра, бош ҳакам томонидан пенальти белгилаш қарори хато деб топилди. Шунингдек, VAR ҳаками томонидан ушбу вазиятда тўғри аралашув амалга оширилмагани, яъни ҳакамни мониторга чақиришда хатога йўл қўйилгани қайд этилди.
Шунингдек, куни кеча ОКМК — “Сурхон” учрашуви 1:1, “Динамо” — “Сўғдиёна” беллашуви 2:1 ҳисобида якунланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА