Сунъий интеллект: кадрлар салоҳиятини ошириш йўлидаги изланишлар
Президент топшириғи амалда
Маълумки, ҳозирги кунда давр билан ҳамнафас бўлишда замонавий технологияларни амалиётга татбиқ қилиш энг муҳим масала ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ҳаётнинг турли жабҳаларида сунъий интеллектни қўллаш кенгаяётгани, сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида Ўзбекистон 17 та поғонага кўтарилганини алоҳида эътироф этди.

Бу йўналишга эътиборнинг давоми сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини кўпайтириш, техник инфратузилмани кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Бухоро муҳандислик-технология институтининг “Машинасозлик технологияси” кафедрасида муҳандис кадрлар малакасини ошириш мақсадида Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 12 дона энг сўнгги русумдаги универсал токарлик, фрезалаш-йўниш, лазерлик металл кесиш, айлана жилвирлаш, вертикал-пармалаш, пармалаш-фрезалаш дастгоҳлари ўрнатилди. Ушбу келтирилган жиҳозлар асосида муассаса ҳузурида “Машинасоз” технопарки ташкил этилади.

– Сунъий интеллект тизимлари бугунги кунда инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига кириб бораётганлиги сир эмас, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти доценти Улуғбек Иброҳимов. – Сунъий интеллект тизимлари иқтисодиёт, медицина, муҳандислик ва бошқа жуда кўп соҳаларда қўлланиб келинмоқда. Бунда сунъий интеллектни алоҳида илмий изланиш соҳаси сифатида олимлар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда ва ҳаттоки 2024 йилнинг якунлари бўйича Нобель мукофотига эришган олимлар ҳам ўз илмий ишларида сунъий интеллект тизимларидан фойдаланганлигига гувоҳ бўламиз.
“Машинасоз” технопаркида дунёнинг энг сўнгги андозаларига тўла жавоб берадиган 12 та замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ўрнатилган бўлиб, бу ерда 88 та лаборатория ишлари бажарилади. Мазкур жараёнларни ташкил қилиш учун Ислом тараққиёт банки ҳисобидан 445 минг доллар маблағ ажратилган.

– Паркда институтимизнинг магистрант ва докторантлари томонидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, – дейди таянч докторанти Мирзабек Йўлдошев. – Мазкур замонавий дастгоҳларда мантиқий бошқарув дастурларини амалга ошириш бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқдаман. Бу тадқиқот ишларидан мақсад дастгоҳларни янада такомиллаштириш ва шу дастгоҳларда тайёрланадиган деталларни жаҳон бозорларида ўз ўрнини эгаллашдан иборат.

Институт базасида ушбу мактабнинг фаолият бошлаши Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини тўла таъминлаш имконини ҳам беради. Халқаро андозалар асосида ўқув хоналарига тренажёрлар, симуляторлар, замонавий дастурлар ташкил қилинди. Бу орқали олий муҳандислик мактаби икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйиладиган, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинадиган тизим яратилишига асос бўлади.
Муҳими, бунда Германия, Япония, Буюк Британиянинг нуфузли олийгоҳларидаги тажрибалар ўрганиб чиқилган. Яқин келажакда эса Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур, Озарбайжон каби ривожланган давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорлик кўлами кенгайтирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири