Сунъий интeллeкт имконми ёки хавф?
Бугунги кунда сунъий интеллект технологияси жадал ривожланиб, жамият ҳаётининг турли соҳаларига кенг жорий этилмоқда. Ушбу жараён бир томондан янги имкониятларни яратаётган бўлса, иккинчи томондан, инсон ва интеллектуал тизимлар ўртасидаги муносабатлар, назорат ва хавфсизлик масалаларига жиддий эътибор қаратишни талаб этмоқда.
Ана шундай долзарб мавзуга бағишлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори асосида амалга оширилаётган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида Стюарт Расселнинг “Инсонга мос сунъий интеллект ва назорат муаммоси” китоби мунозараси ташкил этилди.
Мунозарада “1000 Китоб” лойиҳаси масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Суҳбат давомида сунъий интеллектнинг жадал тараққиёти ва унинг инсоният ҳаётига таъсири атрофлича муҳокама этилди.
Бугун сунъий интеллект нафақат технологик ютуқ, балки эҳтимолий глобал хавф сифатида ҳам баҳоланаётган бир шароитда, тадбир иштирокчилари “Инсон ўзидан ақлли тизимлар устидан назоратни сақлаб қола оладими?” деган саволга жавоб излади.
Сунъий интеллект соҳасининг етакчи тадқиқотчиларидан бири бўлган Стюарт Рассел ўз асарида одатий ёндашувни танқид қилиб, “янада ақлли машина яратиш” ғояси ўрнига “инсон мақсадларига мос, назорат қилинадиган интеллект” концепциясини илгари суради. Унинг фикрича, келажакда хавфларни олдини олиш учун айнан шу тамойил асосий аҳамият касб этади.
Мунозарадаги китоб халқаро миқёсда ҳам катта эътирофга сазовор бўлган. Жумладан, The Guardian нашри уни “сунъий интеллект ҳақидаги энг муҳим асарлардан бири” деб баҳолаган бўлса, машҳур олим Макс Тегмарк уни интеллектуал саёҳат сифатида таърифлаб, муаммолар ва уларнинг ечимларини чуқур ёритиб берганини таъкидлайди.
Иштирокчилар сунъий интеллектнинг ривожланиш суръатлари, унинг ижтимоий таъсири, ахлоқий чегаралари ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, келажакда инсондан устун интеллект пайдо бўлган тақдирда уни қандай тарзда чеклаш мумкинлиги масаласи қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Айрим иштирокчилар буни асосан технологик муаммо сифатида баҳолаган бўлса, бошқалар уни аввало, фалсафий ва ижтимоий масала сифатида таҳлил қилди. Масаланинг турли жиҳатлари бўйича қарашлар билдирилиб, долзарб саволларга жавоб изланди.
Интерактив мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбир нафақат янги билимлар бериш, балки ёшларни танқидий фикрлашга ундаш, уларнинг замонавий технологияларга нисбатан онгли муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-28838]
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сунъий интеллект тараққиёти инсоният олдига янги имкониятлар билан бирга жиддий масъулият ҳам юкламоқда. Шу боис, бу соҳадаги ҳар қандай ютуқ инсон манфаатлари ва хавфсизлигини таъминлаш тамойили асосида ривожланиши лозим.
Камола Юсупова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА