Субсидия хабарномасига эга фуқаролар учун мақсадли ипотека омонати жорий этилди
Уй-жой сотиб олиш учун субсидия хабарномасига эга бўлган фуқаролар энди дастлабки бадални бир йўла эмас, босқичма-босқич жамғариш имкониятига эга. Бунинг учун тижорат банкида мақсадли ипотека омонатини очиш мумкин.
Марказий банкнинг маълум қилишича, янги механизм фуқароларга дастлабки бадал учун ўз улушини шакллантириш, жамғарилган маблағларга қўшимча фоиз даромади олиш ва белгиланган талаблар асосида ипотека кредитини расмийлаштириш учун қўшимча имконият яратади. Субсидия хабарномасига эга фуқаро унинг амал қилиш муддати давомида дастурда иштирок этувчи тижорат банкида мақсадли ипотека омонати очади.
Дастлаб, фуқаро ипотека кредити учун зарур бўлган дастлабки бадалнинг ўз улушини омонатга жамғариб боради. Фуқаронинг белгиланган улуши тўлиқ шакллантирилгандан сўнг, дастлабки бадал учун ажратилган давлат субсидияси омонат ҳисобварағига ўтказилади. Шу билан бирга, омонатдаги маблағларга банк томонидан бозор фоиз ставкаси асосида фоиз ҳисобланади. Демак, фуқаро нафақат ўз маблағини жамғаради, балки омонатдан қўшимча даромад олиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Мақсадли ипотека омонати 12 ойгача бўлган муддатга амал қилади. Шу вақт давомида фуқаро бирламчи уй-жой бозоридан ўз эҳтиёжи ва имкониятига мос хонадонни танлаб, ипотека кредитини расмийлаштириши мумкин. Агар ипотека кредити ажратилса, омонатдаги маблағлар, уларга ҳисобланган фоизлар, давлат субсидияси ҳамда ипотека кредити маблағлари уй-жой сотиб олишга йўналтирилади. Бу механизмнинг муҳим жиҳати шундаки, фуқаро дастлабки бадални шакллантириш жараёнида маблағни режали равишда жамғариш имкониятига эга бўлади.
Ипотека кредити ажратиш рад этилган ҳолатда ҳам фуқаронинг ўз маблағлари ҳимояланган. Бунда фуқаронинг омонатга жойлаштирган маблағлари ҳисобланган фоизлари билан бирга қайтарилади. Давлат томонидан дастлабки бадал учун ажратилган субсидия маблағлари эса белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади. Шу жиҳатдан, янги механизм фуқарога ўз маблағларини жамғариш ва улардан фоиз даромади олиш имконини берса, давлат субсидиясидан фақат белгиланган мақсадда — уй-жой хариди учун фойдаланишни таъминлайди.
Механизмнинг амалиётда қўлланила бошлагани бўйича дастлабки натижалар ҳам эълон қилинди. 2026 йил 1 август ҳолатига республика бўйича 338 та мақсадли ипотека омонати очилган. Уларда жами 23,9 миллиард сўм маблағ жамғарилган. Шундан, 13,8 миллиард сўм — фуқароларнинг ўз маблағлари, 10,1 миллиард сўм — дастлабки бадални шакллантириш учун ажратилган давлат субсидияларидир. Демак, жами жамғарилган маблағларнинг қарийб 58 фоизи фуқароларнинг ўз маблағлари, 42 фоизга яқини эса давлат субсидияси ҳисобига тўғри келмоқда.
Мақсадли ипотека омонати механизмининг асосий афзаллиги — фуқарога уй-жой харидини олдиндан режалаштириш ва дастлабки бадални босқичма-босқич шакллантириш имконини беришида. Бунда давлат субсидияси, фуқаронинг шахсий маблағлари ва банкдаги омонатга ҳисобланадиган фоизлар бир механизм доирасида жамланади. Шу маънода, янги тартиб уй-жой харид қилишни режалаштираётган ва субсидия хабарномасига эга фуқаролар учун молиявий имкониятларни кенгайтириб, ипотека кредитини расмийлаштиришга тайёргарлик жараёнини янада тизимли ташкил этишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА