Кейинги йилларда мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. “Digital Uzbekistan – 2030” стратегияси доирасида ахборот технологиялари соҳасини кенгайтириш, стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун сунъий интеллект нафақат иқтисодиёт ва бошқарув, балки таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда тадбиркорликда ҳам муҳим омилга айланиб бормоқда.
Айниқса, аёлларнинг бу жараёндаги фаол иштироки алоҳида эътиборга лойиқ. Улар стартапларга бошчилик қилмоқда, таълим ташаббусларини илгари сурмоқда ва технологиялар ёрдамида жамият ҳаётига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Жумладан, 2018 йилда олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари йўналишида таҳсил олаётган қизлар сони 3,3 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 17,7 мингдан ошди. GAP лойиҳаси эса қисқа муддат ичида республика бўйлаб минглаб иштирокчини қамраб олиб, кўплаб аёлларга етакчи компанияларда иш бошлаш имкониятини яратди.

Шунингдек, “Digital Uzbekistan – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда GAP Women IT Union ва IT Ladies ташаббусларининг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги натижалари ҳам буни тасдиқлайди: БМТ электрон ҳукумат индексида 87-ўриндан 63-ўринга кўтарилиши, Global Startup Ecosystem Indexдаги ўсиш — мамлакатда IТ-кадрлар бозорининг кенгайиб бораётганидан далолатдир. Бу эса аёлларнинг технология соҳасидаги фаол иштироки стратегик аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Аёллар ва сунъий интеллект: илҳомлантир, ўқит, жорий эт” форуми ана шу жараённинг амалий ифодаси бўлди. Тадбир ICT Week 2025 доирасида GAP Women IT Union, IT Ladies лойиҳаси ҳамда IТ-таълим ассоциацияси кўмагида ташкил этилди.

Форумнинг асосий мақсади — аёлларни ахборот технологиялари соҳасида қўллаб-қувватлаш, билим алмашиш ва сунъий интеллектнинг карьера, таълим ҳамда бизнесдаги ўрнини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Иштирокчилар қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақида маълумот бериб, ёш қизларни рақамли соҳага кенгроқ жалб этишга ундовчи ҳикояларини бўлишдилар.
Асосий маърузачилар сафида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маслаҳатчиси Камола Собирова, Women in Techo Global (Франция) асосчиси ва бош директори Аюми Мор Аоки, Digital Advice Consulting (БАЭ) бош директори Шайма Курз ҳамда минтақанинг таниқли экспертлари қатнашди.
“Бу форум нафақат технологиялар, балки улар орқали келажакни ўзгартираётган инсонлар ҳақида. Мақсадимиз – аёлларнинг IT соҳасидаги улкан салоҳиятини намойиш этиш ва улар учун кенг имкониятлар яратишдир”, — деди Камола Собирова.
Форум “Wоman’s path” видеолойиҳаси премьераси билан якунланди. Унда аёлларнинг технология оламидаги йўли ва уларнинг рақамли келажакдаги ўрни бадиий тарзда акс эттирилди.
Мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш нафақат технологик салоҳиятни оширмоқда, балки гендер тенглиги йўлида ҳам янги имкониятлар яратмоқда. Аёлларнинг IT соҳасидаги фаол иштироки рақамли тараққиёт стратегиясига кучли туртки бериб, инновацион экотизимда барқарорлик ва хилма-хилликни таъминламоқда. Бу эса мамлакатнинг глобал технологик рақобатда ўз мавқеини мустаҳкамлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА