Стол тенниси бўйича "Беш ташаббус олимпиадаси" ғолиблари аниқланди
Фарғона вилоятида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маҳалла ёшлари ўртасида стол тенниси бўйича қизлар мусобақасининг республика финал босқичи ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сараланган ёш спортчилар учта ёш тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди. Мусобақанинг 16–21 ёш тоифасидаги баҳсларда Хоразм вилояти вакили Жумангул Салимова биринчи ўринни эгаллади. Сирдарёлик Шаҳзода Хўжақулова иккинчи, андижонлик Мухлиса Мамажонова учинчи бўлди.
Шунингдек, 22–26 ёш тоифасида Дилноза Эркинова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Мадина Шомуродова ва Рахёна Нуритдинова кучли учликни банд этди. 27–30 ёш таснифида Муқаддас Камолова ғолиб бўлди. Муаззам Базарова иккинчи, Юлдуз Худайбергенова учинчи ўринда қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА