Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантиришда жойларда ўтказилаётган оммавий спорт тадбирларининг аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича қабул қилинган Миллий дастур ижросини таъминлаш айни мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” фестивалининг республика финал босқичи ташкил этилгани мазкур йўналишдаги хайрли ишлардан бири бўлди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида туман ва шаҳарлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган опа-сингиллар стритбол, стол тенниси, шахмат ва шашка баҳсларида ўзаро куч синашди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамкорлигида уч босқичда ўтказилган ушбу фестиваль мусобақалари меҳнат жамоаларининг 11 минг нафардан зиёд хотин-қизларини қамраб олди.
Саломатлик ва нафислик беллашувлари натижасига кўра, шахмат мусобақаларида совринли ўринлар бухоролик Шаҳноза Очилова, самарқандлик Мафтуна Арзиқулова, сурхондарёлик Мафтуна Жониқуловага насиб этган бўлса, шашка баҳсларида бухоролик Нигина Бозорова, қашқадарёлик Лобар Эшмадатова, сирдарёлик Наиба Астарақулова шоҳсупага кўтарилди.

Стол теннисида хоразмлик Шаҳло Курязова, Тошкент вилояти вакиласи Марҳабо Агзамова, сирдарёлик Гулшан Ҳамдамова етакчилик қилишди. Барчанинг диққат-марказида бўлган стритбол учрашувларида эса Тошкент вилояти ва пойтахтлик дугоналарини ортда қолдирган Бухоро жамоаси ғолибликни тантана қилди.
“Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” фестивалининг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА