Спорт ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирилади
Куни кеча Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шу пайтгача соҳада эришилган улкан натижалар эътироф этилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Мазкур йиғилишда белгиланган мақсад-вазифаларнинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова ўз муносабатини билдирди:
— Бугунги кунда спорт бу шунчаки мусобақалар эмас, балки соғлом турмуш тарзи, ёшлар тарбияси, интизом ва Ватан нуфузини юксалтирувчи стратегик соҳадир. Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу ёндашув асосида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Биргина ўтган йилда спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медални қўлга киритди. Уларнинг 50 нафардан зиёди жаҳон ва Осиё рекордларини янгилади. Бу натижалар кейинги йилларда спортга қаратилган эътибор ва яратилган кенг имкониятларнинг амалий самарасидир.
Эндиликда вазифалар кўлами янада кенг ва масъулиятли. Аввало, оммавий спортни ривожлантиришда энди фақат қамров билан чекланиб қолмасдан, балки реал натижа, яъни аҳоли саломатлиги асосий мезон бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. “Саломатлик баланси” ва “соғлом ҳаёт волонтёрлари” тизими орқали спорт ҳар бир маҳаллага кириб боради. Бу эса юрак-қон томир касалликлари ва диабет каби хасталикларнинг камайишига, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим йўналиш — “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида янги селекция тизимини жорий этишдир. Бу тизим иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларни профессионал спортга йўналтириш ва юқори натижаларга олиб чиқишда узлуксизликни таъминлайди. Зеро, иқтидорлар маҳаллада шаклланади, мактабда сараланади, спорт муассасаларида ривожланади ва федерациялар орқали катта майдонга чиқади.
Шунингдек, спорт мактаблари ва олийгоҳларда натижадорликни ошириш, мураббийлар фаолиятини аниқ мезонлар асосида баҳолаш ҳамда уларнинг моддий рағбатини кучайтириш орқали сифатли кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Энди натижа бор жойда рағбат, масъулият бор жойда эса юқори самарадорлик бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — спортни иқтисодий жиҳатдан жозибадор соҳага айлантириш. Хусусий сектор учун яратилаётган солиқ имтиёзлари, спорт инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш, футбол ва бошқа спорт турларида мухлислар оқимини оширишга қаратилган янги ёндашувлар бунинг яққол ифодаси.
Замонавий ёндашув сифатида сунъий интеллект асосида спортчилар ва мураббийлар фаолиятини таҳлил қилиш, илм-фанни бевосита амалий натижага йўналтириш вазифаси ҳам спортни илмий асосда ривожлантириш имконини беради.
Энг муҳими, ушбу йиғилиш спортни ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш, соғлом жамиятни шакллантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш йўлида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА