Спорт байрами эзгу ташаббусларга уланди (+видео)
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 9-умумтаълим мактабида ўзига хос спорт ва экология байрами бўлиб ўтди.
Тадбир эрталаб мактаб жамоаси, сектор раҳбарлари ва маҳалла фаоллари иштирокида “5 минг қадам” юриш марафони билан бошланди. Бу каби акциялар аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, камҳаракатлилик билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари спортнинг турли йўналишлари бўйича ўз маҳоратини намоён этди. “Қувноқ стартлар” ва жамоавий ўйинлар болаларда спортга бўлган қизиқишни янада оширди.
[gallery-28866]
— Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар оммавий спортни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мадина Турғунова. — Мактабларда ҳар жума куни “Соғлом танда — сифатли таълим” шиори остида “Спорт куни” тадбирлари ўтказилмоқда. Бугунги тадбир ҳам ана шу эзгу ташаббуснинг давомидир.
Тумандаги 13 минг 500 нафардан ортиқ ўқувчининг 13 минг нафари “Беш ташаббус” платформаси орқали спортнинг 9 та йўналиши бўйича рўйхатдан ўтиб, мунтазам машғулотларда қатнашмоқда. Мутасаддилар йил якунига қадар барча ўқувчиларни спорт тўгаракларига жалб этиб, қамровни тўлиқ таъминлашни мақсад қилган.
Спорт тадбирларидан сўнг мактаб ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Раҳбарлар ва битирувчилар боғи” ташкил этилди. Туман раҳбарлари ва битирувчи ёшлар иштирокида манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Бу ташаббус ёшларда экологик масъулиятни кучайтириш, табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бундай тадбирлар Беш муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PyhkuyW7V7I" title="Sport bayrami ezgu tashabbuslarga ulandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат ва видео), ЎзА