Сўз эркинлиги – Буюк неъмат
Бундан роппа-роса ўттиз уч йил бурун, яъни 1991 йилнинг 3 майида Африканинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган Намибия давлати пойтахти Виндхук шаҳрида матбуот эркинлигига бағишлаб, халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда Африка давлатларида фаолият олиб бораётган газета-журналлар муҳаррирлари дунё ҳукуматларини ОАВ эркинлигини таъминлашга, журналистларнинг ҳақиқатни юзага чиқариш йўлидаги чиқишларига сабрли бўлишга даъват этади.
Анжуман сўнгида матбуот эркинлиги тўғрисида Деклорация имзоланади. Орадан икки йил ўтгач, 3 май БМТ томонидан Жаҳон матбуот эркинлиги куни, деб эълон қилинди. Шу-шу “қора қитъа”дан бошланган хайрли тадбир дунё миқёсидаги халқаро байрамга айланди.
Мана неча йиллардирки, 3 майда – Жаҳон матбуот эркинлиги куни (БМТнинг расмий тилларида: русча – Всемирный день свободы печати, инглизча – World Press Freedom Day, испанча – Día Mundial de la Libertad de Prensa, французча – Journée internationale de la liberté de la presse) нишонланади.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки давридаёқ қўшилган бу муҳим халқаро-ҳуқуқий-ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорациясида ҳам, яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам қатъий кафолатлаб қўйилган.
Матбуот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, бутун дунёда матбуот эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, ОАВ эркинлиги, дунёнинг энг қайноқ нуқталарида фаолият олиб бораётган мухбир, фоторепортёрларга қилинаётган тажаввузларнинг олдини олиш, ОАВни ҳимоя этиш, ўзининг касбий бурчини тўлақонли бажарган устоз-журналистларни ёдга олиш мазкур кун жорий этилишининг асосий мақсадларидан биридир.
Ҳа, жамият ривожланишида ОАВнинг ўрни беқиёс. Дастлаб мактуб, варақа, қўлёзма, китоб кўринишида тарқатилган ахборотлар, кейинчалик газета, журнал, радио, телевидение, интернет каби тезкор воситалар орқали тарқатилиши йўлга қўйилди. Ёзув машинкаси, оддий телефон, магнитофон, факс орқали маълумот алмашиш ёки мақолаларни электрон шаклини етказиш ўрнини мобил телефонлар, компьютерлар, ноутбук, флешкалар ва цифрли диктофонлар эгаллади.
Шу тариқа инсоният бу оммавий воситалар туфайли янгиликларни ўзлаштириш имконига эга бўлди. Замонавий технологиялар соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. “Ахборот асри” деб ном олган ҳозирги даврда ахборот – энергия манбалари, табиий бойликлар қатори барчанинг мулкига айланди. Ана шу жараёнда бевосита заҳматкаш касб эгалари бўлмиш журналистларнинг ўрни жуда катта.
Журналист – жамият ва давлат ўртасидаги кўприк. У содир бўлган, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан кенг жамоатчиликка етказиб боради. Бироқ, бу ўз-ўзидан осонликча амалга ошадиган жараён эмас. Мухбир оммага асл ҳолатни баён этиши, маълум қилиши учун давлат ва жамоат ташкилотларининг очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик сиёсати жуда зарур бўлади. Буларсиз на журналистикани эркин, на давлатни очиқ дейиш мумкин.
Мамлакат матбуотида сўз эркинлиги даражаси унинг халқаро имижини ҳам белгилайди. Бугун Ўзбекистон медиа оламида сўз эркинлиги етарлича таъминланган деб бемалол айта оламиз. Одамлар сўз эркинлигини ҳис қилиб бўлган, матбуотдан катта бир куч сифатида фойдаланаяпти. Ва қайдадир бирор бир мухбир ё блогерга тазйиқ ё таҳдидлар бўлаётган бўлса, ошкора айтиляпти, аҳолидан сир тутиладиган нарсанинг ўзи қолмади.
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев халқнинг ўзиники бўлган ва ундан олиб қўйилган кўп нарсаларни, жумладан ҳуқуқни, адолатни, сўз эркинлигини ўзига қайтарди. Ҳақиқатдан ҳам, тарихан қисқа бир даврда жуда катта ва мураккаб, шу билан бирга аниқ мақсадларга қаратилган шарафли йўл босиб ўтилди. Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, сўз эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари принципларини Ўзбекистонда янада илгари суриш, барча имкониятларни яратиш учун жуда ҳам кўп ишлар қилинди.
Очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистонда журналистлар жамиятдаги ютуқларни кенг ёритиш асносида мавжуд муаммолар ҳақида ҳам баралла ёзишмоқда. Оммавий ахборот эркинлиги давлат ва жамият учун – фуқаролар фаоллигини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Асосийси, сўз эркинлиги таъминланган мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар асло самарасиз қолмайди.
Матбуот эркин бўлгандагина сўз эркинлиги ва фикр эркинлиги таъминланади. Матбуот эркинлигининг ўзи – демократия. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур”. Ана шунда амалиётдаги ижобий кўрсаткичлар ошиши ва давлат органлари ҳамда ОАВ ўртасидаги очиқлик, ошкоралик кўприги мустаҳкам бўлиши, демократиянинг асл маданияти шаклланиши, шубҳасиз. Шунингдек, жаҳон матбуот эркинлиги индексининг келгусидаги рейтингида ўзбек матбуоти сезиларли даражада юқорилашиши турган гап.
Аммо, соҳада амалга оширилаётган барча ижобий ишлар билан бирга, журналистларнинг шахсий дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг касбий фаолиятини эркин амалга ошириш кафолатларини кучайтириш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, холис ва ҳаққоний ахборотларни тезкорлик билан жамоатчиликка етказиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахсларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ҳисобдорлигини таъминлаш билан боғлиқ қонунчилик асосларини янада ривожлантириш долзаб вазифалардан бўлиб қолаверади.
Бугунги кунда медиа олам катта ўзгаришлар оғушида. Анъанавий журналистикадан замонавий, креатив, тезкор журналистикага зарурат катта. Дарҳақиқат, ҳар қандай жараёнда ҳам холис сўз айта олиш кишидан тезкорлик, фикрчанлик шу билан бирга катта масъулият талаб этади. Турли даврларда матбуотдан кейин ОАВнинг радио, телевидение каби турлари, айниқса, интернет пайдо бўлгач, инсоният онги ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Улардан ўз ўрнида тўғри фойдаланиш ва ахборотларни таҳлил қилиш эса мустақил фикр, билим ва тафаккурни талаб этади.
Бугунги кунда кўплаб журналистлар дунёда содир бўлаётган воқеаларни, жумладан Россия – Украина воқеалари, Ғазодаги кескин вазият, Сирия ёки Афғонистондаги ҳолат, инсон ҳуқуқларининг бузилишини ёритиш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйишмоқда.
Жаҳон матбуот эркинлиги кунида биз бутун дунё бўйлаб холис, ҳаққоний ахборот улашаётган, аҳолини муҳим янгиликлардан хабардор қилиб бораётган журналистлар жасоратини шарафлаймиз.
Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, у илгарилаб кетаверади. Аммо шу жараёнда, тараққиётни кучайтириш мақсадида яна бир бор фикр-мулоҳаза қилиб кўрадиган, бошқача айтганда, янгиланишлар пайтлари ҳам бўлади. Айнан мамлакатимиз ҳам ҳозир шундай янгиланиш палласида. Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Биз жонажон Ватанимиз билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак – шунча кам.
Журналист зоти борки, одамларга яхши хушхабар етказиш, некбин орзуларда яшайди. Бу орзулар ҳали қоғозга тушиб улгурмаган кўпдан-кўп долзарб ва қизиқарли масалалар, ҳақиқатларга йўғрилган янги мавзулар бўлиши мумкин.
Юртимиздаги барча матбуот ходимлари, журналистлар ва блогерларга 3 май Жаҳон матбуот эркинлиги куни муборакбод бўлсин, изланишда, Ватан равнақи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишда бор бўлинг, омон бўлинг, деймиз.
Мадина Зуфарова,
“RENAISSANCE” университети талабаси,
ЎзА