Сўх тиббиёт марказларидан бирига айланмоқда (+видео)
Ҳаёт-мамоти тиббий техникага боғланиб қолган беморлар бор. Бу буйрак етишмовчилигидир. Дастлаб ҳафтада бир, сўнг икки ва вақт ўтиши билан ҳафтада уч бор қонни тозалатиши лозим. Ва бу иш фақат ва фақат замонавий аппаратларда амалга оширилади.
Сўх туманида 90 мингга яқин аҳоли яшайди. Бугун уларга тиббий хизмат кўрсатиш даражаси анча юқори. Буни аҳоли ҳам, амалдорлар ҳам, шифокорлар ҳам билишади, эътироф этадилар.

– Охирги йилларда Сўх туманида катта ўзгаришлар бўлди. Гемодиализ бўлимини очдик. МСКТ томографи ўрнатилди. Аввал чегарадан ўтиб текширувга борса, ҳозир бир соатнинг ичида бемор кўрилади. УЗИ, ДГДС аппаратимиз бор, ундан халқ миннатдор, – дейди Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Баротжон Маърупов. – Телемедицина усулида Фарғона, Тошкентдаги мутахассислар билан маслаҳатлашиб даволашни йўлга қўйдик.
Тиббиёт тизими раҳбарлари Сўхда уч босқичли ислоҳотни амалга оширишди. Биринчидан, зарур тиббий техник жиҳозлар билан, улар орасида ноёблари ҳам бор, шифохона-ю поликлиникалар таъминланди. Иккинчидан, тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди, ихтисослашув жорий этилди. Учинчидан, Фарғона ва бошқа тиббиёт ривож топган шаҳар-туманлардан олий малакали шифокорларга имтиёз бериб, Сўхга юборилди. Натижада Сўх аҳли учун малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

МСКТ, яъни беморга тўлиқ ташхис қўйиш аппарати келтирилди. Беморлар бундай хизматга жуда-жуда муҳтож эдилар ва бундай хизмат учун икки бор чегара кесиб ўтиб Фарғона ёки Қўқон шаҳрига борарди.
Буйрак етишмовчилигига учраган беморлар, уларнинг яқинларининг ташвишлари ҳам енгиллашди.

– Мен Мансуржоннинг акасиман. У буйрак етишмовчилиги дардига йўлиқди. 8 йилдан буён шаҳарда ижарада яшаб, ҳафтада икки марта диалез қилдирар эдик, – дейди Мирожиддин Обиджонов. – Давлатимиз Сўхга алоҳида эътибор қаратиб, диалез аппаратини берди. Ҳозир шу ерда ҳафтада икки марта оляпмиз. Худога шукр, Мансуржон яхши.
Мансур Мамажонов салкам ўн йилдирки, диалез хизматига муҳтож. Ҳаёти, аввало, Аллоҳга ва кейин шу аппаратга боғлиқ бўлиб қолган. Бундай аппарат вилоятда саноқли шаҳарларда бор. Мана энди у Сўхда ҳам ишлаб турибди.

– Туманда 24 та буйрак етишмовчилиги билан оғриган бемор бор. Кунига икки марта учтадан олтита беморга хизмат кўрсатяпмиз, – дейди шифокор Муҳриддин Додоев.
Ҳа, давлат кўрсатаётган алоҳида ғамхўрлик туфайли Сўх вилоятнинг тиббий марказларидан бирига айланиб боряпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9L6hxpDaVQk" title="Soʻx tibbiyot markazlaridan biriga aylanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари