Сўх: истиқболли лойиҳалар (+видео)
Сўх ҳамиша давлат раҳбарининг эътиборида бўлган. Уни ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан бир неча қарорлар қабул қилинди ва улар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Жорий йилда туманда 146 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши белгиланган. Бу эса 2022 йилга нисбатан 107,2 фоизни ташкил этади. Биргина хизмат соҳасини ривожлантириш хисобига 314 млрд сўмлик 185 та лойиҳа амалга ошириляпти. Сўх тумани экспорт қилади, деса кечагина ҳам ишонмаганлар бўлган. Бу йил сўхликлар 9,2 млн долларлик маҳсулот экспорт қиляпти. Агар “Сўх Шафрон экспорт” кооперативи травертин, гипс, кўмир конлари иш бошласа бу рақам янада ўсади.

Ижтимоий соҳа ҳам ривожланиб боряпти. Биргина ўтган 6 ойда 40 километр ички йўл асфальтланди ва бетонланди. Ичимлик суви билан таъминлаш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. 34 километр янги электр тармоқлари тортилди, 19 та трансформатор янгиланди ёки таъмирдан чиқарилди.
Ҳа, Сўхда янгиланиш, интилиш, бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Шундоққина Сўх дарёси бўйидаги “AVILON-SOX TEXTILE” тикувчилик корхонаси Девайрон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Маҳалладаги ёшлар, уйда ишсиз ўтирган аёллар корхонага жалб этилди. Бу ерда вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилган матолардан мавсумбоп кийимлар тикиляпти.

–Цехимиз 200 ишчи ўринга мўлжалланган. Ҳозирги кунда 100 дан ортиқ аёллар ишлаяпти. Россияга болалар шортлари, Озарбайжонга эса футболкалар ишлаб чиқариб экспорт қилдик, –дейди “AVILON-SOX TEXTILE” тикувчилик корхонаси назоратчиси Флюра Бўтаева.

Очиғи, биз билан сухбатда бўлган ишчилар шундай бежирим кийимлар тикаётгани, ҳатто экспорт қилинаётганидан фахрда. Қувонмай бўладими, кечагина уй юмушларидан нари ўтмаган қишлоқ аёллари 2023 йилда 15,0 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, шундан 1 млн долларлигини экспорт қилишмоқчи.
Сариканда маҳалласида тикланган яна бир тикувчилик корхонасида ҳам шу каби манзарани кўрасиз. Шу йилнинг олти ойидагина бу ерда 3,2 млрд сўмлик маҳсулот етказиб берилди ички бозорга. Яна бир млрд сўмлик маҳсулотни куни кеча экспорт қилганлар.

–Қишлоғимиздаги уйда вақтинча ишсиз ўтирган аёллар, ёш қизлардан 120 нафарини қабул қилиб тикувчиликка ўргатдик ва улар бугун мустақил ишлашмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси Зайнабхон Мўсажонова.
–Тожикистон, Қирғизистон ва Туркияга махуслотларимизни экспорт қиляпмиз. Шу кунларда Россия буюртмасини бажармоқдамиз. Шунча олис қишлоқларда бу каби корхоналарни ташкил этиб берган президентимиздан сўхлик аёллар чексиз миннатдор.

Сўхда бир дона ишчи ўрни яратиш ҳам осон эмас. “Фергана – Осеана” кластери эса шу маҳалланинг юздан зиёд аёлини ишли қилди. Ҳолбуки ҳали Сўхда иш ўрни яратиш билан боғлиқ оғир муаммолар бор.
–Бунга ўхшаш ишлаб чиқариш корхоналари туманимизда кам бўлгани учун айрим ёшлар чет элга ишлагани кетиб қолишяпти. Маҳалламизда 974 нафар ёшлар бўлиб, уларнинг 121 нафари хориждадир, – дейди Сариканда МФЙ ёшлар етакчиси Ҳайитбой Хасанов.

Ҳа, муаммо бор. Аммо у эътибордан четда эмас. Қадамба-қадам уни бартараф этиш чоралари кўриляпти.
–Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда махаламизда ишсиз юрган ёшлардан бир гуруҳини Марғилондаги касб-ҳунар ўргатиш марказига юбордик, - дейди Ҳайитбой Хасанов. –Бу ёшлар ўқув марказида ғишт терувчи, машинист, пайвандчи каби 21 турдаги йўналишда 4 ой давомида касб эгаллайди. Улар мутахассис бўлиб қайтгач туманимизда ўз касблари бўйича ишлайдилар.
Сўх тумани ҳокими Саидбахром Саидмусаев туманда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Натижани айтайлик, дейди у. Натижа эса аниқ ишларда кўриняпти.
Қир адирлар оралиғида 200 гектрали Жавпоя боғини яратдилар. Мевали дарахтлар хосилга киргунча тагига йиллик сабзавот, полиз экинлари жойлаштирилди. Шу ерни ўзида 400 оилага 50 сотихдан тайёр боғ бепул, аниқроғи давлат харажатига олинган ҳолда берилди. Энди эса яна бир тоғ этагида – Қайроқ массивида малиназор ташкил қилиняпти. Демак, бу ерда ҳам яна 400 та иш ўрни бор деяверинг.
Сўх иқтисоди ҳам, ижтимоий шароити ҳам ривожланган шаҳар-туманлар қаторидан жой оладиган кунлар яқин.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/fP_Lm4AvaQs" title="Сўх: истиқболли лойиҳалар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов.