“Солиқ хизмати фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилади
Ўзбекистонда солиқ тизимини модернизация қилиш, соҳада хизмат сифатини ошириш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этади.
Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ваколатли органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида автоматик ҳисоблаб чиқилади. Шу орқали солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботини алоҳида тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари проактив тартибда қўлланади. Бунда ортиқча тўланган маблағ фуқаронинг мурожаатига асосан 10 иш куни ичида қайтариб берилади.
Фармонда йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилаш тартиби ҳам аниқлаштирилди. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб, охирги 12 ой давомида тўланган солиқлар, йиғимлар, давлат божлари ва бошқа тўловлари ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 минг бараваридан ортиқ бўлган корхоналар ҳамда тижорат банклари ўта йирик солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.
Солиқ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилади. Унда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланиши режалаштирилган.
Фармонда соҳада фидокорона меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2027 йил 1 январдан солиқ тизими ривожига муносиб ҳисса қўшган ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган шахсларни тақдирлаш мақсадида “Солиқ хизмати фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилади.
Мазкур ислоҳотлар солиқ маъмуриятчилигини янада соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ҳамда соҳада профессионал кадрлар захирасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА