Соҳибқирон шахсияти – жасорат, ватанпарварлик ва маърифат тимсоли
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрнини чуқур ўрганиш, темурийлар меросини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қарор аҳамияти ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси “Ислом тарихи ва манбашунослиги (IRCICA)” кафедраси мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ғайрат Расулов билан суҳбатлашдик.
– Ҳозирги мураккаб глобаллашув шароитида мазкур қарорнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
– Президентимиз томонидан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қабул қилинган қарор маънавий ҳаётимиз, миллий тарихимизни ўрганиш ва ўзликни англаш жараёнларида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Аввало, ушбу қарор орқали миллий давлатчилигимиз тарихида беқиёс ўрин тутган Амир Темур шахсияти, унинг адолатли бошқарув тамойиллари, юксак ҳарбий салоҳияти ҳамда илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси янада чуқур тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун мустаҳкам асос яратилмоқда. Бугунги мафкуравий таҳдидлар кучайган шароитда ёш авлодни тарихий хотира, миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Амир Темур сиймоси беқиёс аҳамиятга эга. Чунки Соҳибқирон жасорат, адолат, қатъият ва маърифат тимсолидир.
Унинг давлатчилик фалсафаси Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси билан уйғун. Қарорда темурийлар даври илмий меросини тизимли ўрганиш, нодир қўлёзмаларни аниқлаш ва рақамлаштириш, электрон платформалар яратиш, халқаро анжуманлар ўтказиш каби устувор вазифалар белгилангани тарих илми ва маданий дипломатия янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
– Амир Темур шахсияти ва фаолиятида эътиқоднинг ўрни ҳақида нима дейсиз?
– Дарҳақиқат, Амир Темур шахсияти замирида мустаҳкам эътиқод, чуқур маънавий дунёқараш ва адолатга асосланган ҳаётий фалсафа мужассам эди. У ислом динининг инсонпарварлик, ҳалоллик, адолат ва илм-маърифатга интилиш каби тамойилларини давлат бошқарувида устувор мезон сифатида қабул қилган.
“Куч – адолатда” шиори унинг фаолиятида асосий тамойилга айланган. Бу ғоя нафақат ҳарбий юришларда, балки ички сиёсат, халқ фаровонлиги ва илм-фан тараққиётида ҳам устувор аҳамият касб этган. Соҳибқироннинг олиму уламолар билан мулоқоти, уларнинг маслаҳатларига таяниш одати унинг маънавий камолотидан далолат беради. Шайх Зайнуддин Тайободий, Мир Сайид Барака каби маънавий пешволар билан алоқалари унинг руҳий дунёсига катта таъсир кўрсатган. Амир Темур фақат ҳарбий кучга эмас, балки ақл-заковат, маърифат ва адолатга таянган ҳолда давлат барпо этди. Шу боис темурийлар даврида илм-фан, меъморчилик ва санъат гуллаб-яшнади.
– Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Темур ва темурийлар мероси қандай ўрин тутади?
– Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази мамлакатимиз тарихий-маданий меросини илмий асосда ёритишга қаратилган йирик лойиҳадир. Унда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси олимлари фаол иштирок этмоқда. Экспозицияни шакллантиришда Амир Темур ва темурийлар даври мероси марказий ўрин эгаллайди. Чунки темурийлар даври ислом цивилизацияси ривожининг энг юксак босқичларидан бири ҳисобланади. Бу даврда астрономия, математика, тиб, фалсафа, меъморчилик, хаттотлик ва китобатчилик беқиёс тараққий этган.
Экспозицияда Амир Темурнинг давлатчилик фалсафаси, бошқарув тизими, ҳарбий стратегияси, шунингдек, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод каби алломалар мероси комплекс ёритилмоқда. Хорижий музей ва кутубхоналарда сақланаётган нодир қўлёзмалар ва тарихий манбалар асосида тайёрланаётган бўлимлар марказнинг илмий қийматини янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, Темур ва темурийлар мероси миллий ўзликни англаш, ёшларни маърифат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.