Соҳибқирон изидан: Будапештда Темурийлар даври ва жаҳон тараққиётига бағишланган халқаро саммит
Тарих саҳифаларини қайта варақлаб, буюк бобокалонимиз Амир Темур ва Темурийлар сулоласининг жаҳон сивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этиш давр талабидир.
Будапешт шаҳри айнан ана шу улуғ меросни тадқиқ этиш учун халқаро илмий ҳамжамиятни бир даврага жамлади. Ўзбекистон ва Можористоннинг нуфузли илмий марказлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман Соҳибқирон шахсиятини янги илмий қарашлардан очиб бериш билан бирга, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар кўприкларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистоннинг Можористондаги элчихонаси, ЭЛТЕ Гуманитар фанлар тадқиқот маркази биргаликда уюштирган ушбу тадбир юзочдисида марказ бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Антал Молнар ва ўзбек элчиси Ойбек Шоҳовиддинов Амир Темур шахси, темурийлар меросини ўрганиш ҳамда мазкур йиғилишнинг ўзбек-можор илмий алоқаларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё ўзининг “Амир Темур – кишилик тарихини ўзгартирган буюк шахс” чиқишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 февралдаги қарорига кўра Амир Темурнинг 690 йиллиги ҳам умуммиллий, ҳам эллараро даражаларда байрам қилинаётгани, тегишли илмий, маърифий ва маданий вазифалар белгилаб олинганини урғулаб, Соҳибқироннинг келиб чиқиши, оиласи, Турон ва жаҳон халқларини мўғулларнинг 150 йиллик зулмидан қутқариб, инсоният тарихида янги – юксалиш босқичини бошлаб бергани, Туронни бирлаштириш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари, экин-тикинчилик, боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожи йўлида юритган сиёсати, ташқи сиёсати, Ўрта Ер денгизидан Хитой девори, Мoсквадан Араб денгизи, Киевдан Деҳлигача бўлган камида 15 миллион кв.км.лик улкан кенгликда буюк салтанат қургани, кишилик тарихига Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар олтин чоғи ўлароқ кирган босқичга асос солгани каби масалаларга урғу берди.
Можористонлик таниқли олим, академик Васари Иштван эса ўз чиқишида “Темурийлар бошқарувида форс ва туркий-мўғул девончилиги” бўйича қарашларини баён этди. Пери Бенедек “Лола юзинг соғиниб, кўзим қонга тўлди: Навоийнинг намунавий ғазали ва Султон Сулаймон “Муҳиббий”нинг шеърий жавоби” орқали темурийлар даври адабиётининг усмонли адабиётига таъсирига тўхталди. Миклос Саркози ўз маърузасида илк темурий йилномалардан бири — Ғиёсиддин Али Яздийнинг “Саодатнома” (“Рузномайи ғазовоти Ҳиндистон”) асарини манбашунослик жиҳатдан таҳлил қилди.
Онер Эрика эса “Можористондаги усмонли даври ҳужжатларида темурий-форс анъаналари”га тўхталиб, Европа архивлари, айниқса, Можористон архивларидаги темурий маданият изларини кўрсатиб берди.
“Иккинчи Ренессанс – Темурийлар олтин чоғи: илм-фан” мавзусида чиқиш қилган Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти кичик илмий ходими Жаҳонгир Турдимирзаев Биринчи Уйғониш даври алломалари Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва бошқа ўзбек олимлари илмий кашфиётлари, улар асосида ривожланган Иккинчи Уйғониш даври аниқ фанлари, хусусан, Улуғбек, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Али Қушчининг тарихий ютуқ ва янгиликларига диққатни қаратди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти кичик илмий ходими Элёр Турдимирзаев “Амир Темур ва Европа” мавзусини ёритиб, Соҳибқирон даврида ўзбек давлатининг мазкур қитъа билан олиб борилган дипломатик муносабатларини таҳлил этди.
Шунингдек, можористонлик олимлар Сомфай Кара Довуд “Темурийлар ва мўғуллар: сиёсий ва маданий алоқалар”, Сантҳа Иштван “Сарой ташқарисидаги овозлар: темурийлар туркий достончилик анъаналарида оғзаки ижрода баён, қонунийлик ва обрў” масалалари юзасидан чиқишлар қилдилар.
Эллараро йиғин тугашида сўз олган академик Азамат Зиё ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, хусусан, Амир Темур ва темурийлар меросини ўрганишда мустамлака-совет даврида сингдириб юборилган сиёсийлашган қарашлар, нотўғри ёндашувлардан воз кечиб, бирламчи манбалар негизида 3000 йиллик ўзбек давлатчилиги тарихини холис ўрганиш ва тарғиб этиш борасида ҳамкорликни таклиф этди. Можористонлик олимлар Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти билан биргаликда илмий изланишлар олиб бориш, йиғинлар ўтказишга тайёрликларини билдирдилар.
Дилдора ДЎСМАТОВА ЎзА