Соҳа ходимлари шарафланди
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхона ва ташкилотларда байрамлар кенг нишонланди.
Хусусан, Нурафшон шаҳрида ташкил этилган тантанали тадбирда соҳада фаолият юритаётган бошқарув сервис компаниялари вакиллари, коммунал тармоқларда меҳнат қилаётган илғор ходимлар ҳамда соҳа фидойилари иштирок этди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қатнашиб, йиғилганларни касб байрами билан самимий табриклади.

Ҳоким ўз нутқида сўнгги йилларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига қулайлик яратиш борасидаги ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш сифати изчил яхшиланиб бормоқда.
Жумладан, авария-диспетчерлик хизматлари 24/7 режимида ишлаб, аҳолининг мурожаатларига тезкор жавоб қайтариш йўлга қўйилган. Шунингдек, кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳудудда жами 5 минг 247 та кўп квартирали уй (176 621 та хонадон) мавжуд. Уларга 94 та бошқарув сервис компанияси ҳамда 12 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда. Ўтган йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 2 минг 441 та уйда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл, Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳарлари ҳудудларида кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Шу билан бирга, ичимлик суви ва оқова тизимларини модернизация қилиш, иссиқлик таъминотини яхшилаш борасида қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ўзининг фидойилиги билан намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбири санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА