Соғлом жамиятда маънавий баркамол инсонлар вояга етади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизида инсон қадрини улуғлаш мужассам экани янада намоён бўлиб бормоқда.
Ижтимоий жараёнлар, ёшлар тарбияси, оилавий муносабатлар ва ахборот хуружлари моҳиятан бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлгани учун барчасига комплекс ёндашув бугунги замон талабидир.
Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мамлакат бошқарувидаги фаолияти билан бир қаторда уларнинг оиладаги масъулиятини кучайтириш, шарқона гендер тенглик асосида уй-рўзғор ҳаётига кенгроқ жалб этиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Улар ўртасида диний-маърифий ва ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, нуфузини мустаҳкамлашга доир ишлар давлат ва жамоат ташкилотларининг биргаликдаги ҳаракатларисиз муваффақиятли амалга ошмайди.
Мана шу заруратни амалга ошириш йўлида Республика тарғибот гуруҳининг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мамлакатимиздаги тўққизта вазирлик ва идоранинг ҳамкорликдаги қўшма қарори асосида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлар дастури белгиланган. Ушбу қўшма қарор доирасида кенг жамоатчиликни бирлаштирган ҳолда инсон қадрини улуғлаш, ислом динининг асл моҳияти – инсонпарварлик, бунёдкорлик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик каби умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш борасида устувор вазифалар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси томонидан ташкил этилган Республика тарғибот гуруҳи давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни аҳоли ўртасида тушунтириш, уларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва турли ижтимоий хатарларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишларни олиб бормоқда. Гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида аввало оиладаги тарбия масалалари ва ёшларнинг оила қуриш борасидаги ҳуқуқий ва маънавий билим-кўникмаларини ошириш назарда тутилган.
Шунингдек, рақамли муҳитда ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли зарарли оқимлар ва экстремистик ғояларга тушиб қолган фуқаролар орасида мафкуравий-тарғибот ишларини тизимли олиб бориш вазифалари мавжуд.
Дарҳақиқат, бугун дунёда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласи глобал аҳамият касб этиб бормоқда. Сўнгги йилларда рақамли технологиялар ва интернетнинг кенг тарқалиши бир томондан ахборот олиш имкониятларини кенгайтирса, иккинчи томондан ёт ғоялар, сохта ахборотлар ва зарарли контентларнинг тарқалишига замин яратмоқда.
Бундай шароитда тарғибот гуруҳларининг маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва меҳнат жамоаларида олиб бораётган ишлари алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боис, Республика тарғибот гуруҳи фаолиятини кучайтириш мақсадида ҳудудларда Республика “Тарғиботчилар” форумлари ташкил этилмоқда. Қашқадарё, Жиззах ва Андижон вилоятларида ўтказилган мазкур форумларда хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний-маърифий вазиятни барқарорлаштириш борасидаги амалий ишлар таҳлил этилди ва такомиллаштирилди.
Форумлар доирасида соҳа ходимлари ва ҳудудий тарғиботчилар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Республика тарғибот гуруҳи аъзолари маҳаллаларга бориб, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Андижон вилоятида бўлиб ўтган III Республика “Тарғиботчилар” форумида маҳаллаларда тизимли ишлар олиб борилди. Оила масканлари орқали ота-оналар билан мунтазам суҳбатлар уюштирилди, ёшлар билан маърифий учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳа вакиллари билан ҳамкорликда диний бағрикенгликни тарғиб этувчи тадбирлар ўтказилди.
Республика тарғибот гуруҳининг ҳар бир фуқаро, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан индивидуал ишлаши ҳамда тизимли тарғиботни йўлга қўйгани натижасида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитнинг барқарорлашишига эришилмоқда.
Хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, Республика тарғибот гуруҳининг асосий мақсади соғлом, бағрикенг ва маънавий етук жамиятни шакллантиришдир. Зеро, соғлом жамиятдагина маънавий баркамол инсонлар вояга етади ва камол топади. Давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик эса бу йўлдаги энг ишончли таянчдир.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика маънавият ва маърифат маркази масъули.
ЎзА