Соғлом миллат — кучли давлат пойдевори
7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни
Инсон ҳаётидаги энг катта бойлик бу - унинг соғлиғи. Жамият тараққиёти, аввало, аҳолининг соғлом ва фаровон яшашига боғлиқ. Шу боис ҳар йили 7 апрель санаси бутун дунёда Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда инсоният саломатлигига жиддий таҳдид солаётган омиллар мавжуд. Ҳар йили дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ инсон юқумли бўлмаган касалликлар сабаб ҳаётдан кўз юмади. Бу умумий ўлим ҳолатларининг қарийб 74 фоизини ташкил этади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари йил сайин 17,9 миллион инсон умрига зомин бўлмоқда. Шунингдек, ҳар уч кишидан бири ортиқча вазн ёки семизлик муаммосига дуч келаётгани ҳам жиддий хавотирли ҳолатдир. Етарли жисмоний фаолликнинг йўқлиги эса ҳар йили қарийб 5 миллионгача инсоннинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали юрак хасталиклари ва инсульт ҳолатларининг 80 фоизгачасининг олдини олиш мумкин. Бу эса ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун, энг аввало ўзи масъул эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сўнгги йилларда тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш, замонавий шифохоналар қуриш, рақамли тиббиётни жорий этиш ва аҳолига тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ ва чекка ҳудудларда ҳам тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда, профилактика ва эрта ташхислашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, юртимизда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш борасида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Чунки соғлом миллат — кучли давлат пойдевори.
Бу сана ҳар биримиз учун бир огоҳлик қўнғироғи. Саломатликка эътиборни кечиктирмаслик, тўғри овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик билан шуғулланиш ва руҳий барқарорликни сақлаш — узоқ ва мазмунли ҳаётнинг асосий гарови.
Н.Раҳмонова,
ЎзА