Соғлиқни сақлаш кодекси соҳада ҳуқуқий муносабатларни комплекс тартибга солади
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатлар 76 та қонун ва 400 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Шу сабабли ушбу йўналишдаги ҳуқуқий муносабатларни комплекс тартибга солиш, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.
Кодексни ишлаб чиқиш стратегияси ва режаси тақдим қилиниб, бу вазифа 2027 йилнинг декабригача амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилишида сўз борди.
Вазирлик бошқармалари ва тузилмалари раҳбарлари, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари каби ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган йиғилишда ушбу ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш кодексининг қабул қилиниши тизимдаги қонунчиликни тизимлаштириш ва ягона ҳуқуқий манба (кодекс)га бирлаштириш имконини беради.
Шунингдек, соҳадаги бир-бирини такрорловчи қонуности ҳужжатлари ва нормаларнинг камайишига, тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимояси ва моддий таъминотининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланишига, аҳолининг тиббий маданияти юксалишига, фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳар томонлама таъминланишига эришилади.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда йўналишлар бўйича техник ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди. Уларнинг ҳар бирида ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари консультантлар сифатида жалб қилинган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА