“Сўғдиёна” яна мағлуб бўлди
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 8-тури баҳслари Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва Қаршининг “Насаф” клублари ўртасидаги баҳс билан ниҳоясига етди ва ўйинда 1:2 ҳисобида меҳмонлар зафар қучди.
Жиззах шаҳридаги марказий стадионда “Сўғдиёна” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги баҳс муросасиз ва кескин курашлар остида ўтди. Ушбу баҳс бош ҳаками Элёр Турсунов томонидан сариқ, қизил карточкалар кўрсатилиб, пенальти ҳам белгиланди ва 90 дақиқали ўйин 105 минут давом этди.

Беллашувнинг 29-дақиқасида жиззахлик ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан унумли фойдаланган “Насаф” футболчиси Ойбек Бозоров ҳисобни очди – 0:1. Натижа биринчи бўлимда ўзгармади.
Иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган “Сўғдиёна” жамоаси 58-дақиқада қаршиликлар дарвозасига белгиланган пенальти сабаб Шоҳруз Норхонов ўртадаги фарқни тенглаштирди – 1:1. Орадан 16 дақиқа ўтиб, тиниб-тинчимас қашқадарёлик Ойбек Бозоров “Сўғдиёна” дарвозаси олдида юзага келган вазиятдан пухталик билан фойдаланиб, ўйиннинг 74-дақиқасида “Насаф”ни яна олдинга олиб чиқиб дубльга эришди – 1:2. Ҳисоб баҳс поёнига етгунича ўзгармай қолди.

Улуғбек Бақоев бошчилигидаги Ўзбекистоннинг амалдаги вице-чемпиони “Сўғдиёна” жорий мавсумда қаторасига 2-марта мағлубиятга учради.

8-турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Бунёдкор” (Тошкент) – “Металлург” (Бекобод) – 1:1, “Нефтчи” (Фарғона) – “Олимпик” (Тошкент) – 0:0, “Қизилқум” (Навоий) – АГМК (Олмалиқ) – 1:4, “Локомотив” (Тошкент) – “Қўқон-1912” (Қўқон) – 1:2, “Динамо” (Самарқанд) – “Навбаҳор” (Наманган) – 0:1, “Пахтакор” (Тошкент) – “Сурхон” (Термиз) – 2:2.

Ўтказилган 8 турдан сўнг Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси 16 очко билан якка карвонбоши бўлиб олди. 2- ва 3-ўринда бораётган “Қизил қум” ва “Сўғдиёна”да 14 тадан, 4-, 5-поғонадаги АГМК ҳамда “Пахтакор”да 13 тадан ва 6-ўринда бораётган “Насаф”да 12 очко бор. Турнир жадвалида ҳамма жамоадан кам – 5 очко тўплаган “Нефтчи” охирги ўринда бормоқда.
А.Қаюмов, ЎзА