СМТИ ва БСТИ Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигининг янги йўналишларини муҳокама қилди
Жорий йилнинг 29 июнь куни Минск шаҳрида «Беларусь ва Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги йўналишлари» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Беларусь Стратегик тадқиқотлар институти (БСТИ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Беларусь дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари вакиллари, шунингдек экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.
Беларусь томонидан тадбирда иқтисодиёт вазири, «Беларусь Республикаси Миллий экспортни қўллаб-қувватлаш маркази», «Белтаможсервис» давлат корхонаси, «Халқаро бизнес альянси» компанияси, «Транстехника» Миллий транспорт илмий-тадқиқот институти ҳамда «IBA IT Park» хорижий корхонаси раҳбарияти ва мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбарияти ва ходимлари ўрин олди.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро савдо, саноат ва агросаноат кооперацияси, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш асосий мавзулар қаторидан ўрин олди. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатини очар экан, Беларусь Стратегик тадқиқотлар институти директори Олег Макаров кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Унинг таъкидлашича, мамлакат ташқи сиёсий фаолиятини сезиларли даражада фаоллаштириб, юқори ва олий даражадаги кўплаб халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда ҳамда минтақадаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Унинг фикрича, Беларусь ва Ўзбекистон ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатларни шакллантиришга эришган. “Бугунги кунда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида деярли ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас”, — деди у.
Беларусь Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Александр Огородников Беларусь–Ўзбекистон муносабатлари барқарор ва изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Дипломат қайд этганидек, икки давлат ўртасида амалда стратегик шериклик шаклланган бўлиб, у янги лойиҳа ва ташаббуслар билан изчил бойитиб борилмоқда.

Дипломат савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ижобий суръатларда ривожланаётганини қайд этди. У жорий йил якунларига кўра Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми нафақат 1 миллиард АҚШ долларига етиши, балки ушбу кўрсаткичдан ошишига ишонч билдирди. “Навбатдаги стратегик вазифа ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишдан иборат. Мазкур мақсад юксак маррани назарда тутишига қарамай, томонлар ўсишнинг янги нуқталари ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини изчил излаш ниятида”, — деди у.
Ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритар экан, Александр Огородников саноат ва агросаноат кооперациясини устувор йўналишлар сифатида қайд этди. Унинг баҳолашича, Беларусь ишлаб чиқариш қувватларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш катта имкониятларни очиб беради. Республиканинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Элчи транспорт-логистика салоҳиятига алоҳида тўхталиб, Беларусь ва Ўзбекистоннинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги икки давлатни самарали транспорт йўлакларидан фойдаланишга манфаатдор этаётганини таъкидлади. Дипломатнинг фикрича, глобал транспорт йўналишлари трансформацияланаётган шароитда замонавий логистика инфратузилмаси иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланиши мумкин.

Ўз навбатида, Беларусь иқтисодиёт вазири Юрий Чеботарь икки томонлама ҳамкорлик изчил ва жадал ривожланаётганини юксак баҳолаб, сўнгги 10 йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 баравардан, хизматлар савдоси ҳажми эса 30 баравардан ортиқ ошганини таъкидлади. “Бугунги кунда Ўзбекистон Беларусь билан товарлар ва хизматлар бўйича ўзаро савдо ҳажми жиҳатидан учинчи, МДҲ давлатлари орасида Беларусь инвестицияларининг жамғарилган ҳажми бўйича эса иккинчи ўринни эгаллайди”, — деди у.
Вазир устувор йўналишлар қаторида саноат кооперациясини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Беларусь технологиялар трансферини таъминлаш ҳамда замонавий иш ўринларини яратишни назарда тутувчи қўшма лойиҳаларга инвестиция киритишга тайёр.
Бундан ташқари, Юрий Чеботарь технологиялар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, туризм ва хизматлар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан Беларусь манфаатдор эканини таъкидлади.
Тадбир якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган амалий тавсияларни ишлаб чиқишнинг самарали механизми сифатида мунтазам экспертлар мулоқотини давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
ЎзА