СМТИ эксперти: "Чегара масаласини ҳал қилиш Фарғона водийсидаги янги сиёсий воқеликни акс эттиради"
Жорий йилнинг 31 март куни Фарғона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик форуми доирасида "Дўстлик стелалари – қардош мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олимлари ва экспертлари, парламентлар вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, нодавлат нотижорат ташкилотлари етакчилари иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) етакчи илмий ходими Шаҳло Ҳамрахожаева сўнгги йилларда Фарғона водийсида рўй бераётган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада, жумладан, энг мураккаб ва нозик масалалардан бири - чегара низоларини ҳал қилишда чуқур ўзгаришлар кузатилмоқда.

Экспертнинг таъкидлашича, ушбу жараёнларнинг яққол тасдиғи Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси ва Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди, бу мулоқот, ўзаро ҳурмат ва умумий келажак учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга интилишга асосланган янги сиёсий воқеликнинг шаклланишини англатди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган Фарғона тинчлик форуми ушбу жараённинг амалий давоми бўлди. Тадбирнинг муҳим жиҳати унинг инклюзивлигида: унда фуқаролик жамияти вакиллари, маҳаллалар, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
СМТИ вакили ушбу майдоннинг аҳамияти минтақавий даражада ҳам ўз тасдиғини топганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашувида сўзга чиқиб, ушбу форматни мунтазам Халқаро форумга айлантириш ташаббусини илгари сурди.
Бу ғоя минтақа давлатлари раҳбарлари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Умуман олганда, Ш. Ҳамрохожаева Фарғона водийсининг тинчлик ва барқарор ривожланиш маконига айланаётгани минтақавий ҳамкорлик самарадорлигининг яққол намунаси эканига ишонч билдирди. Ишончни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва стратегик ташаббусларни биргаликда амалга ошириш нафақат Марказий Осиё, балки кенгроқ минтақалараро ҳудудда ҳам барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА