Бугунги кунда рақамли дунё ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатиш ҳамда шахсий брендни шакллантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, СММ (ижтимоий медиа маркетинг) ва мобилография (телефон орқали фото ва видео яратиш) соҳаларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон “Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар” бирлашмаси нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Мамлакат Содиқова ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар доирасида бухоролик хотин-қизлар айнан шу замонавий кўникмаларни ўзлаштирмоқда.

Бу тренинглар Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган Ўзбекистон “Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар” бирлашмасининг “Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаати доимий эътиборда!” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.

– СММ – аёллар учун янги имкониятлар эшиги Ижтимоий тармоқларда тўғри ва самарали иш олиб бориш – фаолиятни кенг жамоатчиликка етказиш, ўз бизнесини ривожлантириш ва жамоатдаги фаоллигини ошириш имконини беради. Бу, айниқса, тадбиркор ва ижтимоий фаол хотин-қизлар учун жуда муҳим. Мобилография – ҳикоянгизни визуал кўринишда баён қилиш санъати замонавий смартфонлар орқали юқори сифатли фото ва видеолар тайёрлаш, ўзига хос контент яратиш ва аудиторияга таъсирчан тарзда мурожаат этиш имконини яратади. Мобилографияни ўрганиш хотин-қизларга нафақат ижодий тафаккурни ривожлантириш, балки фаолиятларини самарали тарзда тақдим этишда ҳам ёрдам беради. Олти ойга мўлжалланган 60 нафар хотин-қизлар мазкур ўқув курсларда иштирок этиб, СММ ва мобилография билимларига эга бўлди, – дейди Мамлакат Содиқова.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.