“Сиз бизга кераксиз!”
Бухорода вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги, «Вақф» хайрия жамоат фонди воҳанинг турли ҳудудларидан келган 150 дан ортиқ гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган ватандошларимизнинг қалбига қувонч улашиш мақсадида «Сиз бизга кераксиз!» хайрия тадбирини ташкил этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳар бир фуқаро илм-маърифат олишга ҳақли эканлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу диний-маънавий тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларга «Вақф» хайрия жамоат фондининг совғалари улашилди.

Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар вилоятнинг туман ва шаҳарларида манзилли равишда ўтказилишига келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА