Сирдарёда янги ўқув маркази очилди
Сирдарё вилоятида рақамли таълим ва юқори технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи бошланмоқда. Вилоят ҳокимлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамда Малайзиянинг “Canaan Communications and Technology” компанияси ўртасида Гулистон шаҳрида “Center of Excellence” — юқори малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур лойиҳа доирасида замонавий ахборот технологиялари, сунъий интеллект, рақамли коммуникациялар ҳамда инновацион ечимлар соҳаларида чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш режалаштирилган. Ўқув жараёнларига халқаро тажриба, илғор таълим дастурлари ва амалий тренинглар жорий этилиши кўзда тутилган.

“Center of Excellence” фаолияти ёшларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини ошириш, уларни глобал меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш, шунингдек, ҳудудда рақамли иқтисодиёт учун зарур бўлган малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим, инновация ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, Сирдарё вилоятида инновацион муҳитни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА