Жорий йил сирдарёлик деҳқон ва фермерлар, агрокластерлар ишчи-хизматчилари, ирригатору мелиораторлар, барча қишлоқ хўжалиги ходимлари учун ҳар қачонгидан омадли келди.
Президентимиз ташаббуси билан соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларнинг жорий этилганлиги ва машаққатли меҳнат сабаб 678 минг тонна ғалла, 227 минг тонна пахта, 829 тонна пилла, 973 минг тонна мева-сабзавот, 487 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда 210 млн. дона тухум, яъни вилоятда 16 трлн 573 млрд сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Натижада ўтган йилга нисбатан 1 трлн 898 млрд сўм кўп соф фойда олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил бошида Сирдарёга ташрифи давомида Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалласида бўлиб, аҳолининг томорқа ва уй хўжаликлари билан танишиш асносида берган топшириқлари доирасида Сайхунобод тажрибаси оммалаштирилди. Бунинг натижасида аҳолининг деҳқончиликдан, жумладан, томорқачиликдан олаётган даромади кескин ошди. Ишсиз ва кам даромадли оилалар сони сезиларли даражада қисқарди. Айниқса, бўш ва фойдаланилмай келинаётган аҳоли томорқаларида сабзавот ва резавор экин экиш ишлари йўлга қўйилди, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш кенг тус олди. Бу эса дастурхонларимиз тўкин, бозорларимиз обод бўлишига хизмат қилмоқда.
[gallery-20773]
Ана шундай хайрли ишлар Гулистон шаҳридаги "Зомин" тантаналар мажмуасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида алоҳида эътироф этилди. Тадбирда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган уста бободеҳқонлар, малакали соҳа вакиллари иштирок этишди. Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев касб байрами– Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан иштирокчиларни, улар тимсолида барча сирдарёлик соҳа ходимларини самимий муборакбод этди.
Эришилган ютуқларнинг замирида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимизнинг дастурхонини фаровон қилишдек ғоят масъулиятли вазифа турибди. Бу вазифаларнинг адо этилишида бутун куч-ғайрат ва имкониятларнинг сафарбар қилингани бот-бот таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган 9 нафар соҳа ходими қишлоқ хўжалиги вазирининг "Қишлоқ хўжалиги фидойиси" , 3 нафар ходим эса сув хўжалиги вазирининг "Сув хўжалиги аълочиси", шунингдек, томорқачилик соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган аҳоли вакиллари "Намунали томорқачи" кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Соҳа фидойиларидан яна бир гуруҳига “Сирдарё вилоятининг 60 йиллиги” эсдалик нишонлари, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар берилди.
Байрам тантанаси сўз усталарининг чиқишлари ва элимиз ардоғидаги хонандалар ижросидаги дилтортар тароналар билан якунланди.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев(сурат)
ЎзА мухбирлари