Сирдарёда Маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди
Маданият ва санъат инсон қалбини тарбиялайдиган, миллатни бирлаштирувчи, унинг тарихи ва келажагини боғлаб турувчи беқиёс маънавий қадриятдир. Шу боис ҳар йили 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни Сирдарё вилоятида ҳам алоҳида кўтаринки руҳ ва юксак эҳтиром билан нишонланади.
"Зомин" тантаналар уйида ташкил этилган байрам тадбири ҳам катта шукуҳ билан ўтди. Унда маданият ва санъат вакиллари, меҳнат фахрийлари, соҳада самарали фаолият юритган устозлар оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат соҳаси ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Самимий тилакларга бой ушбу табрик барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида ушбу йўналиш изчил ривожланиб бормоқда. Қабул қилинаётган фармон ва қарорлар соҳани такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни санъатга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, 2025 йилда вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан маданият муассасаларини ривожлантириш учун қарийб 40 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобига маданият муассасалари таъмирланиб, замонавий жиҳозлар, миллий чолғу асбоблари, саҳна либослари ва зарур адабиётлар билан таъминланди.
Жорий йилда ҳам мазкур ишлар изчил давом эттирилди. Вилоят мусиқали драма театри учун ажратилган маблағлар ҳисобига бино таъмирланиб, оркестрнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Шунингдек, бир қатор маданият марказлари намунавий муассасалар сифатида қайта ташкил этилди.

Вилоят ижодий жамоаларининг халқаро майдондаги иштироки ҳам кенгайиб бормоқда. Мусиқали драма театри жамоаси Россия ва Татаристонда, филармония санъаткорлари Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва Туркияда, мақом ансамбли эса Тожикистонда гастроль сафарларини амалга оширди.
Бу ютуқлар ортида меҳнат, садоқат ва чексиз муҳаббат мужассам. Муҳими, 2026 йил ҳам сирдарёлик маданият ва санъат вакиллари учун ютуқларга бой бўлди. Хусусан, мақом ансамбли созандаси Олима Маҳмудова Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди, хонанда Лайло Шарофиддинова “Ёшлар баҳори” танловининг мутлақ ғолиби бўлди. “Гулханда” аския жамоаси эса фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят мусиқа мактаблари ўқувчилари турли халқаро танловларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш мақсадида 150 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларда 1500 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинган. 15 та мусиқа мактабида эса 3500 нафар ўқувчи-ёш санъат сирларини ўрганмоқда. Умумтаълим мактабларида ҳам ижодий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса янги истеъдодларни кашф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат шу бўлдики, байрам арафасида Сирдарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан “Ҳоким ва маданият ходимлари” учрашуви ташкил этилди. Унда соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Энг асосийси, инсон қадри эътибор марказида бўлди.
Шунингдек, маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, бугун орамизда йўқ 27 нафар ходимнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам муносабати билан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Шу билан бирга, узоқ йиллар хизмат қилиб, бугун нафақада бўлган соҳа фидойилари ҳам эътибордан четда қолмади. Бу анъана эмас, бу қадрият.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар маданият ва санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Байрамнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири соҳа фидойиларини тақдирлаш маросими бўлди. Бир қатор ходимларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир концерт дастури билан давом этди. Янграган куй-қўшиқлар ва рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди. “Маданият ўлмасин” шиори эса тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада чуқур ифода этди.
– Бугун юртимизда маданият ва санъат аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор, айниқса, Сирдарё вилоятида бу соҳага қаратилаётган ғамхўрлик ва имкониятлар йил сайин ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бу эътибор ижодкорларни янада руҳлантириб, миллий маданиятимизни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Республикамизда, қолаверса Сирдарёда байрам муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар, ёши улуғ устоз санъаткорларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром ҳам ана шу эзгу ишларимизнинг узвий давоми, десак адашмаймиз, – дейди Сирдарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Маматов.
Дарҳақиқат, маданият — миллат кўзгуси. У бор жойда маънавият, тараққиёт ва барқарорлик бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири