Сирдарёда "Хон атлас" ҳафталиги
Миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни тараннум этадиган, ўзбекона кийиниш маданиятини юксалтиришга қаратилган "Хон атлас" ҳафталиги доирасидаги тадбирлар Сирдарёда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Ҳафталик тадбирлари давомида хон атлас ва адрас матолари, уларнинг келиб чиқиш тарихи, ишлаб чиқариш технологияси, дизайни тўғрисида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса, хотин-қизлар фаол иштирок этди.

–Нозик, ингичка ипак толалардан тўқилган, ёрқин ранглар, табиат жилоси, гуллар тасвирини ўзида мужассам этган ўзбек миллий матоси бизнинг юртдан бошқа юртларда тўқилмайди ҳисоб, – дейди Боёвут тумани "Янги авлод" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Феруза Кубаева.–Шу боисдан бўлса керак, юртимизга ташриф буюрган фуқаро борки, ипак толаси ила рўян ўсимлиги, анор пўстлоғи, ўсимлик барги экстракти, пиёз пўсти омухталигида ўзгача ранг ва жилога эга бўладиган, энг асосийси, қўлда тўқиладиган хон атлас ва адрасларни харид қилиб, ўз юртларига олиб кетишади. Бу йил, иккинчи бор ўтказилаётган "Хон атлас" ҳафталиги тадбирларида маҳалламиз хотин-қизлари фаол иштирок этиб, ўз жозибадорлигини йўқотмаган миллий кийимларни кийиб, уларни тарғиб этишди.


"Хон атлас" ҳафталигининг аввалгиси шу йил 8-14 апрель саналарида ташкил этилган бўлса, бу галгиси 2-7 сентябрь оралиғида ўтказилди. Хон атлас, адрас матосидан тикилган кийим-кечаклар намойиши "Хон атлас" ҳафталиги тадбирларига кўтаринки руҳ бахш этди.
Ғулом Примов,
ЎзА