Шуҳрат Расул: Анқара саммити иқтисодий ҳамкорликка янги суръат бағишлайди
Бугунги глобал иқтисодий жараёнларда минтақавий интеграция, ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш ва транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш мамлакатлар тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) нафақат тарихий ва маданий муштаракликка асосланган тузилма, балки улкан иқтисодий салоҳиятга эга ҳамкорлик майдони сифатида муҳим ҳисобланади.
Шу кунларда Анқара шаҳрида бўлиб ўтаётган ТДТнинг 13-саммити тузилмага аъзо ўлкалар ўртасидаги иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, савдо ва инвестициявий муносабатларни кенгайтириш, транспорт-логистика ҳамда энергетика соҳаларидаги қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир.
Халқаро иқтисодчи, сиёсатшунос Шуҳрат Расулнинг фикрича, мазкур саммитга фақат сиёсий мулоқот нуқтаи назаридан эмас, балки улкан иқтисодий маконнинг келгуси тараққиётини белгилаб берадиган муҳим воқеа сифатида қараш лозим. Чунки ТДТга аъзо мамлакатлар Европа ва Осиёни боғловчи стратегик ҳудудда жойлашган бўлиб, энергетика ресурслари, ишлаб чиқариш имкониятлари, истеъмол бозорлари ва транзит йўлаклари жиҳатидан бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиётларга эга.
Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ушбу иқтисодий маконда алоҳида ўрин тутади. Республикамизнинг Марказий Осиё марказида жойлашгани, минтақадаги йирик истеъмол бозорларидан бирига эгалиги, саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти, шунингдек, ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишга қаратилган сиёсати ташкилот доирасидаги ҳамкорлик учун муҳим омил ҳисобланади.
Бу борада расмий рақамлар ҳам диққатга сазовор. Маълумотларга кўра, ТДТга аъзо давлатларнинг умумий аҳолиси 170 миллион кишидан ошади. 2025 йилда уларнинг жами ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,3 триллион долларга, ташқи савдо айланмаси эса 1,2 триллион доллардан ортиққа етган. Бу кўрсаткичлар ташкилотнинг жаҳон иқтисодиётида салмоқли ўрин эгаллаш имкониятига эга эканини кўрсатади.
Ш.Расулнинг қайд этишича, Ўзбекистон учун ушбу иқтисодий маконнинг аҳамияти, аввало, экспорт бозорларини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятлари билан белгиланади.
– Туркий давлатлар иқтисодиётига назар ташласак, улар ўртасида ўзаро тўлдирувчанлик мавжудлигини кўрамиз. Туркия ривожланган саноат ва технологиялар, Қозоғистон энергетика ва хомашё ресурслари, Озарбайжон транспорт ва энергетика инфратузилмаси билан ажралиб туради. Ўзбекистон эса ўсиб бораётган саноат салоҳияти, меҳнат ресурслари ва кенг истеъмол бозори орқали ушбу иқтисодий занжирнинг муҳим бўғинига айланиши мумкин, -дейди иқтисодчи.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 9,6 миллиард доллардан ошган. Бу мамлакатимиз умумий ташқи савдосининг қарийб 12 фоизини ташкил этади. Ташкилотга аъзо мамлакатлар, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Туркманистон ва Венгрия билан савдо айланмаси эса 2017 йилдаги 4,13 миллиард доллардан 2025 йилда 10,82 миллиард долларга етган. 2026 йилнинг январь–июль ойларида ушбу давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсган.
Экспертнинг фикрича, мазкур рақамлар Ўзбекистоннинг туркий мамлакатлар билан иқтисодий алоқалари изчил кенгайиб бораётганини кўрсатади. Бироқ ҳамкорлик самарадорлигини фақат савдо ҳажми билан баҳолаш етарли эмас. Асосий масала экспорт таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришдан иборат.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, инвестициявий ҳамкорлик бу жараённинг муҳим таркибий қисмидир. Хусусан, 2025 йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгриядан Ўзбекистонга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 4,29 миллиард долларни ташкил этган. Жорий йилда эса мазкур мамлакатлар билан умумий қиймати 17,24 миллиард долларлик 280 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Шуҳрат Расулнинг таҳлилига кўра, транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Мамлакатимизнинг денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чеклангани ташқи савдо харажатларига таъсир кўрсатади. Шу боис Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва бошқа муқобил коридорларни ривожлантириш экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим шартидир.
2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан юк ташиш ҳажми 17,5 миллион тоннани ташкил этгани, бу умумий экспорт-импорт ташувларининг қарийб 38 фоизига тенг экани ҳам транспорт ҳамкорлигининг иқтисодий аҳамиятини тасдиқлайди.
– Ўлкамиз учун ТДТ доирасидаги иқтисодий интеграциянинг энг муҳим натижаси янги бозорларга чиқиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишда намоён бўлиши керак. Бунинг учун транспорт йўлакларини ривожлантириш билан бирга, божхона тартибларини соддалаштириш, рақамли савдо платформаларини кенгайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш зарур, -дея таъкидлайди эксперт.
Ш.Расулнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги фаоллиги унинг иқтисодий манфаатларига асосланган прагматик ташқи сиёсати билан узвий боғлиқ. Мамлакатимиз 2019 йилда ташкилотга тўлақонли аъзо бўлганидан буён 85 дан ортиқ ташаббусни илгари сурган. Улар орасида савдо платформаларини ташкил этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестицияларни рағбатлантириш ва транспорт алоқаларини кенгайтиришга қаратилган таклифлар алоҳида аҳамият касб этади.
Экспертнинг фикрича, Анқара саммити ана шу ташаббусларни амалий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият яратади. Хусусан, Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш, қўшма саноат лойиҳаларини молиялаштириш, рақамли иқтисодиёт ва “яшил” энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш юртимиз учун истиқболли йўналишлар ҳисобланади.
Умуман, Туркий давлатлар ташкилоти иқтисодий жиҳатдан тобора муҳим минтақавий ҳамкорлик майдонига айланмоқда. Ўзбекистон эса ушбу жараёнда фақат иштирокчи эмас, балки янги ташаббусларни илгари сураётган, иқтисодий интеграцияга амалий мазмун бағишлаётган фаол давлатлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Анқара саммитининг аҳамияти ҳам айнан шунда: туркий мамлакатларнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятини ўзаро манфаатли лойиҳаларга айлантириш, савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратиш.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА