Президентимиз фармонига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган 100 ёшдан ошган юртдошларимиз сафида Шўрчи туманидаги Қоқайди маҳалласида яшайдиган Икром бобо Табаров ҳам бор.
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов 103 ёшга тўлган отахон хонадонида бўлиб, Икром Табаровни энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади. Мамлакатимизнинг юксак мукофотини тантанали топширди.
Пиру бадавлат отахоннинг болалик ва айни билаги кучга тўлган йиллари оғир даврларга тўғри келди. Очарчиликни, урушни бошдан кечирди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида тунни кунга улаб, фидокорона меҳнат қилиб, эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор қозонди. 42 йил тракторчи бўлиб ишлади. Пахта, ғалла, чорва маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.


–Мустақилликкача яхши кун кўрмадик,–¬дейди отахон.¬ –Болалигимиз шўролар тизимини тиклаш даврига тўғри келган. Ақлимизни танигач, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди. Кўплаб яқинларимиздан айрилдик. Фронт ортида кечаю кундуз меҳнат қилиб, топганимизни урушга жўнатдик. Бир бурда нонга зор бўлган йилларни бошдан кечирдик. Урушдан кейинги йилларда ҳам қишлоқ хўжалигида ишлаб, биримиз икки бўлмади. Ватанимиз ўз эркини қўлга киритгач, юзимиз ёришди. Кўнглимиз хотиржам тортди. Ёшимиз бир жойга борганда давлатнинг ғамхўрлигини ҳис қилаяпмиз. Бу эътибор ёшимга-ёш қўшаётганидан қувониб, ҳар кун тонгда Ўзбекистонга тинчлик, хотиржамлик, Президентимизга узоқ умр, амалга оширилаётган эзгу ишларга бардавомлик, ёшлар бахту саодат тилаб дуо қиламан.


Икром бобо Табаровнинг қарилик пенсиясига кузатилганига 42 йил бўлди. Айни пайтда қарилик гаштини суриб, яшамоқда. Отахон жуда тетик. Кўзлари равшан. Ҳозир ҳам невара-чеваралари билан телевизор томоша қилади. Китоб ва газета ўқийди. Ёшларга ўзининг қимматли маслаҳатлари билан йўл-йўриқ кўрсатади. Ўз ҳаётидан мисоллар келтириб, маҳалла ёшларига озод ва обод Ватанда яшашнинг шуурини тушунтиради.
Болаликдан сермашаққат ҳаёт йўлини босиб ўтган Икрам бобо 12 нафар фарзандни тарбиялаб, улғайтирди. 42 невара ва 22 чеварали, бир этак эварали бўлди. Ҳозир давлатимиз ғамхўрлиги ва фарзандлари, невара-чевараю, эваралари ардоғида кексалик давридан рози бўлиб яшамоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири