Шўрчида замонавий боғча фойдаланишга топширилди
Боғча бола шахсининг шаклланиши, соғлом улғайиши ва келажакдаги муваффақиятлари учун пойдевор вазифасини ўтайди. Бу даврда бола нафақат илк билимларни олади, балки жамиятда яшаш ва мулоқот қилиш кўникмаларини ҳам ўзлаштиради.
Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва қамровни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида юртимизда янги ва замонавий мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилмоқда. Ушбу масканлар болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши ҳамда соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун замон талабларига мос шароитлар билан жиҳозланган.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги «Какан» маҳалласида 150 ўринли янги ва замонавий «Шукрона» номли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда “Какан” маҳалласида уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Илгари маҳаллада боғча бўлмагани сабабли, бу маҳалла аҳли ва болажонлар учун жуда муҳим туҳфа бўлди.

– Янги боғчанинг барпо этилиши оддий бир бинонинг қад ростлаши эмас, бу маҳалла келажагига, болалар тақдирига, эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевор бўлди, – деди журналист Нигина Шоева. – “Холматов Эшмурод полвон” фермер хўжалиги раҳбари Эркин Холбоев ташаббуси билан бунёд этилган мазкур мактабгача таълим ташкилотида кичкинтойлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, замонавий хоналар, таълим-тарбия учун қулай муҳит ва болаларнинг мазмунли вақт ўтказиши учун яратилган имкониятлар барчаси уларнинг бахтли болалиги учун хизмат қилади.

— Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги маҳалламиз учун жуда қувончли келди, — дейди меҳнат фахрийси Холмурод Ражапов. — Шу вақтгача маҳалламизда боғча йўқ эди. Мана, мустақиллигимиз шарофати билан замонавий боғча фойдаланишга топширилди. Тўғриси, биз катталарнинг ҳам болалардек қувончимиз беқиёс. Энди маҳалламиз болаларининг кулгиси янада кўпайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА