Шоҳимардон йўлидаги сунъий тўсиқ олиб ташланди
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон билан чегарадош "Қадамжай-Автодорожний" ва "Чечме-Автодорожний" назорат-ўтказиш пунктларида махсус операция ўтказилиб, 27 нафар чегара, божхона ва ветеринария хизмати ходими қўлга олинди, деб хабар берди Қирғизистоннинг 24.kg нашри.
Унда қайд этилишича, операция 5 июль куни кечқурун Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) ходимлари ҳамда “Альфа” махсус бўлинмаси иштирокида ўтказилган. Қўлга олинганлар коррупцияга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Манбалар маълумотига кўра, тинтув давомида айрим хизмат автомобилларидан нақд пул чиққан. Шунингдек, “Чечме-Автодорожний” назорат пунктининг икки ходими ноқонуний пул олаётгани видеокузатув камералари орқали қайд этилгани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Чечме-Автодорожний” пунктидан 11 нафар, “Қадамжай-Автодорожний” пунктидан эса 16 нафар ходим ДМХҚ Боткен вилояти бошқармасига олиб кетилган. Бундан ташқари, икки дона АК-74 автомати, икки ўқдон ва 60 дона ўқ-дори мусодара қилинган.
Илгарироқ, фарғоналик журналист ва блогер Аҳрор Зиё ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифасида айни мавзуга оид муносабат билдирган эди:
– Шоҳимардонга Қирғизистон орқали кирсангиз, 20 000 сўм тўлашингизга тўғри келади. Бу тўловнинг ҳуқуқий асоси ҳақида эса етарли маълумот берилмайди. Бундан ташқари, қўшни давлат чегарасида сунъий равишда тирбандлик юзага келтирилаётгани бўйича ҳам эътироз бор. Айрим ҳолларда автомобиллар 5-6 соат навбат кутади. Шунингдек, баъзи ҳайдовчилар чегарачиларга пул бериб, навбатсиз ўтиб кетаётганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Шундай қилиб, энди Фарғонадан Шоҳимардонга ўтиш йўлидаги чегара-назорат пунктларига ўрнатилган яшил чироқ янада ёрқин ёна бошлади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА